Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: 7 минг 451 жиноят иши тергов қилинди
14:19 / 2024-08-07

Прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов шулар ҳақида маълумот берди:  

– Прокурорлар секторларидаги “Темир дафтар”га киритилган оилаларга ҳар томонлама кўмак бериш, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ишлар изчил давом  эттирилмоқда.  

Ўтган даврда 2 минг 739 нафар ёшларнинг иш билан таъминланиши, 5 минг 123 нафарига ижарага ер ажратилиши, 1 минг 181 нафарининг тадбиркорликка жалб этилиши, 4 минг 48 нафарига ўзини ўзи банд қилиши, 3 минг 773 нафарининг касб - ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш курсларида ўқитилишига кўмаклашилди.  

Маҳаллаларда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 548 нафар аҳоли хонадони таъмирлаб берилди ҳамда 1 минг 482 та хонадон ободонлаштирилди.  

Шунингдек, ҳудудларни ободонлаштириш, ижтимоий ва бошқа объектлардаги муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилиб, 83,3 км. ички йўлларга шағал, 33,6 км. йўлга асфальт ётқизилди, 38,8 км. пиёдалар йўлакчалари барпо этилди ҳамда 10 та мактабгача таълим ташкилоти, 9 та мактаб, 1 та тиббиёт  муассасаси таъмирланди.  

Аҳоли бандлиги, янги иш ўринларини яратишга қаратилган дастурлар ижроси устидан назорат кучайтирилган ҳолда олиб  борилмоқда. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги ўрганишларда 1,8 миллион янги иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланиб, айбдор шахслар жавобгарликка тортилди.  

Бундан ташқари, прокурорлар ташаббуси билан ўтказилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаларида 6 минг 136 нафар ишсиз фуқаро ишга  жойлаштирилди.  

Экологик хавфсизликни таъминлаш, яшил маконларни кўпайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга  оширилган   ишлар   аҳволи  ўрганилганида 541 ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилгани, 580 мингтаси суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилгани ва 19 мингдан ортиқ кўчат ўз вақтида экилмагани сабабли нобуд  қилингани аниқланиб, кескин чоралар кўрилди.  

Таълим соҳасидаги ўз ечимини топмаган масалаларнинг сабабларини аниқлаб, уларни ҳал этиш бўйича чоралар   кўрилмоқда. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 235 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 32 жиноят иши қўзғатилди ҳамда 1,2 мингдан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.  

13 та олий ва профессионал таълим муассасаларида аниқланган бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ва талон - торож қилиш ҳолатлари бўйича 14 та жиноят иши қўзғатилди.  

Тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг 15 минг 210 нафарига “Тез ёрдам” тамойили асосида амалий  ёрдамлар  кўрсатилди. Шундан, 3 минг 366 нафар тадбиркорга 537 миллиард сўмлик кредит, 317 нафарига ер майдони, 80 нафарига бино ажратилиши, 551 нафарига рухсатнома ва лицензия берилиши, 4 минг 938 нафарини муҳандислик тизимига уланишида амалий   кўмак берилди. Натижада фаолият кўрсатмаётган 5,7 минг тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 7 мингдан ортиқ иш ўринлари йўқотилишининг олди олинди. Шунингдек, 6 минг 293 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 14 минг 299 янги иш ўрни яратилишига эришилди.  

Шу билан бирга, 10 минг 789 ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсиқлар аниқланиб, бартараф этилди ҳамда 8 мингдан зиёд тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.  

Кредит маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида прокуратура органларининг аралашуви билан қарздорликларнинг 8,5 триллион сўми амалда ундирилди. 7 триллион сўмлик кредит бўйича гаровдаги мулкларнинг сотувга чиқарилиши таъминланди. 1,2 триллион сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилди.  

Ўтказилган назорат тадбирларида кредит маблағларининг 1,6 триллион сўми талон - торож қилингани аниқланиб, банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 609 жиноят иши қўзғатилди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида жами 17,5 триллион сўмлик ёки 66 фоиз муаммоли кредитлар қисқартирилди.    

Қурилиш сифати ва маблағлардан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, 27 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар ва 45 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф  этилди ва ҳуқуқбузарликлар олди олинди.  

Бевосита  прокуратура  органлари  томонидан 7 минг 451 жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ўтказилиб, 6 минг 661 нафар шахсга нисбатан 4 минг 331 жиноят иши судларга юборилди, жиноят оқибатида етказилган 1,7 триллион сўмлик зарар ундирилди.  

Н.Абдураимова,

ЎзА