Юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда жорий йил баҳор мавсумида 139 миллион туп дарахт экилган. Ҳисоботларда кўрсатилаётган бу рақам қанчалик тўғри? “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва дарахтларни кесишга эълон қилинган мораторий ижроси қандай таъминланмоқда?
Прокуратура органлари томонидан ўтказилаётган ўрганиш ишларида ана шу саволларга жавоб изланган.
– Президентимизнинг кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этишга оид фармони ижроси доирасида ўтказилган ўрганишда 541 ҳолатда амалда экилмаган бир миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди, – дейди Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев. – 441 ҳолатда 580 минг туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган. 35 ҳолатда етказиб берилган кўчатлар ўз вақтида экилмагани сабабли 19 мингдан ортиқ кўчат нобуд қилинган. 7 минг 232 та ноқонуний дарахт кесиш ҳолати аниқланиб, ҳар бир нобуд қилинган дарахт учун 100 туп кўчатни компенсация тарзида экиш мажбурияти юкланди. Ядро физикаси институти боғи, “Дархон” илмий тажриба хўжалиги, “Боботоғ” ва “Зарафшон” давлат ўрмон хўжаликлари ҳудудлари тўлиқ назоратга олиниб, жами 50 минг туп кўчат экилиши таъминланди.
Табиий муҳофаза ҳудудлар ва ҳайвонот дунёсини ҳимоялаш мақсадида Бош прокуратура ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қўшма топшириғи асосида ижарадаги 67 минг 778 гектар ўрмон фонди ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, 105 ноқонуний қарор ва ижара шартномалари бекор қилинди.
Санитар-эпидемиологик ва экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, назорат тадбирлари натижасида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ва ўз ресурсини ўтаб бўлган 47 чиқинди полигонининг фаолияти тўхтатилиб, ер майдонлари рекультивация қилинган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар захирасига ўтказилди.
Сув ҳавзалари ва дарё ўзанларини муҳофаза қилиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳлари тузилиб, Сирдарё, Чирчиқ, Оҳангарон, Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё дарёлари ўзанларида кенг қамровли назорат тадбирлари ташкил қилинди. Тадбирлар давомида 65,7 миллиард сўмлик норуда қазилмалар ноқонуний қазилгани ҳолатлари юзасидан 45 жиноят иши қўзғатилди.
Дарёларнинг муҳофаза зоналаридаги 744 ноқонуний чиқинди ташлаш жойлари бартараф этилиб, сув ҳавзаси минтақалари 17,2 минг тонна чиқиндидан тозаланди. Аҳолини қийнаётган 200 дан ортиқ экологик муаммолар барвақт аниқланиб, бартараф қилинди.
Ноқонуний эгалланган 29 минг 677 гектар ер майдони ўрмон фонди ҳисобига қайтарилди. Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари мораторий эълон қилиниши натижасида икки баробарга камайди. Табиатга етказилган зарар ва зиён учун компенсация тўловлари бўйича 400 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари ундирилди.
Чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги 388,9 миллиард сўмлик дебитор қарздорлик ундирилиши, ўтказилган хатловлар натижасида аниқланган 129,7 миллиард сўмлик нореал дебитор қарздорлик бартараф этилиши таъминланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА