Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: 108 маданий мерос объектида ноқонуний 146 қурилма аниқланди
12:44 / 2022-05-13

Маданий мерос объектлари – халқимиз маънавий хазинасининг жавоҳирлари ҳисобланади. Шунинг учун бундай обидаларни муҳофазалаш жуда муҳим.

Аммо орамизда маданий мерос объектларига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлаётган шахслар ҳам учраб туради.   

Прокуратура идоралари маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўриб келмоқда. 

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, ўтказилган назорат тадбирларида республика бўйича жами 108 маданий мерос объектида 146 ноқонуний қурилма қурилгани аниқланди. 

Тадбирлар натижаси бўйича маданий мерос объектлари ҳудудида қурилган ноқонуний 7 қурилма буздирилди. 

Жумладан, Сурхондарёда “Зартепа” (I-V асрлар), “Карвонтушди” (I-VI), “Исмоилтепа” (I-VIII) ва “Мангузартепа” (I-IV), Қашқадарёда “Тўрткўлтепа” (I-VI) археология объекти, Хоразмда “Қибла тозабоғ” (ХIХ) архитектура ёдгорлиги ҳудудидаги ноқонуний қурилмалар буздирилди. 

71 объектда қурилган 76 ноқонуний қурилмани буздириш   юзасидан мутасадди идоралар томонидан ёзма кўрсатмалар берилиши таъминланди. 44 маданий мерос объектидаги ноқонуний 63 қурилмани буздириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди. 

Масалан, Термиз туманида жойлашган “Мангузартепа” археология ёдгорлиги (I-IV аср) устига уяли алоқа оператори томонидан ноқонуний ўрнатилган антенна қурилмаларини буздириш бўйича судга даъво аризаси киритилди. 

Ноқонуний қурилма қурган 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 

Назорат тадбирлари давом этмоқда. 
 

Н.Абдураимова,  
ЎзА