Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: 1 минг 963 ҳолатда сифатсиз бажарилган 54 миллиард сўмлик ишлар бартараф этилди
16:39 / 2024-10-15

Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва 2022 йил 17 ноябрдаги “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича прокуратура органлари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Бош прокуратура масъул ходими Фарруҳ Султонов мазкур ҳужжатлар ижроси ва қурилишга оид давлат дастурлари ижроси ҳақида маълумот берди:

– Жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш соҳасидаги изчил назорат тадбирлари амалга оширилди. Прокуратура органлари томонидан инвестиция дастуридаги 2 минг 530, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги 996, Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 1 минг 420 ҳамда “Ташаббусли бюджет” дастуридаги 3 минг 864 объектда қурилиш ишларининг сифатли бажарилиши ва ажратилган маблағнинг мақсадли сарфланиши юзасидан мониторинг олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорларига асосан “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” давлат муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш ва вазифалар ижросини таъминлашга кўмаклашилди.

Қарор ижроси доирасида режа-жадвалга асосан Республикадаги объектлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Юклатилган вазифалар ижроси “республика – вилоят – туман” даражасида кунлик муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларнинг жойида ҳал этилиши йўлга қўйилди.

Ишлаб чиқарувчи ташкилотлар билан 1 триллион 400 миллиард сўмлик шартномалар тузилиб, объектларга 1 триллион 100 миллиард сўмлик қурилиш материаллари етказиб берилиши таъминланди. 747 та мактаб ва боғчадаги қурилаётган бинолардан самарали фойдаланиш орқали 184 мингта ўқув ўрнини қўшимча 107 мингтага кўпайтиришга имконият яратилди.

Қурилиши суст олиб борилаётган объектларга қўшимча 357 та бригада ёки 8 минг 74 нафар ишчи жалб қилиниб, икки сменада иш ташкил этилди, 2 минг 62 та махсус техника ва 346 нафар мутахассис жалб қилинди.

Давлат рўйхатидан ўтмаган мингдан зиёд ноқонуний қурилмалар аниқланиб, барчаси рўйхатдан ўтказилди. Ижтимоий соҳа объектлари, шу жумладан, мактаб, боғча ва шифохоналар ҳудудидаги 42 ноқонуний қурилма бартараф эттирилди.

Уй-жой қурилишига талаб юқори бўлган ҳудудлар ва “Янги Ўзбекистон” массивларида жами 36 минг 78 хонадонли 802 та уй-жой қурилди. Массивларни қулай инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 123 км. ичимлик суви ва 128 км. оқова сув тармоғи тортилди, 18 та сув иншооти ўрнатилди, 52 км. йўл, 42 км. табиий газ қувури, 144 км. электр тармоғи тортилиб, 138 дона янги трансформаторлар ўрнатилди.

Массивларда яшовчи аҳоли учун 16 та мактаб, 23 та мактабгача таълим ва 14 та тиббиёт объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

2025 йил учун мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури жамоатчилик фикри асосида шакллантирилди.

Штаблар томонидан ҳар бир объект жойига чиққан ҳолда хатловдан ўтказилиб, 2 триллион сўмлик 300 тага яқин объект дастурга асоссиз киритилишининг олди олинди.

Келгуси йилда янгидан бошланувчи 876 та объектга 7,5 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Ушбу объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари пухта ишлаб чиқилиши ва бюджет маблағларини иқтисод қилиш устидан алоҳида назорат ўрнатилган.

Ўз навбатида, объектларда ўтказилган мониторинг тадбирларида 1 минг 963 ҳолатда сифатсиз бажарилган 54 миллиард сўмлик ҳамда 722 ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 73 миллиард сўмлик ишлар бартараф эттирилиб, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида 11 минг 455 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди. Ҳозирда давлат дастурлари ижроси юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА