Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош мақсадимиз – Янги Ўзбекистонимизни дунёнинг энг тараққий этган мамлакатига айлантириш
14:01 / 2022-12-31

Якунига етаётган йилда Президентимизнинг қатъий сиёсий иродалари, оқилона сиёсатлари ва халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда эришилган муваффақиятлар натижаси бугун ҳар бир ҳудуд ва жамоада, ҳар бир оила ва шахс ҳаётида сезилаётгани қалбимизда қувонч билан бирга, тараққиётга дахлдорлик туйғусини янада жўштиради, десам тўғри бўлади.

Зеро, эришилган барча ютуқларда Навоий вилояти аҳолисининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги бизни ғурурлантириб, янги марраларни забт этишга куч ва шижоат бағишлайди.

Айни пайтда, давлатимиз раҳбари таъбирлари билан айтганда, ғоят мураккаб ва синовли кечган 2022 йил барчамизга “тараққиётга фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилишини” теран англатди.

Барчамизга маълум, яқиндагина ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган мурожаатномаларида мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бир қатор долзарб масалалар кўтарилиб, 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб эълон қилинди.

Янги йилга бундай ном берилиши, шубҳасиз, Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланганини ҳамда ушбу йўналишдаги ишлар доимий бўлади, демакдир.

Мурожаатномада мамлакатимизда жорий “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да бажарилган ишлар қисқача сарҳисоб қилиниб, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда баён этилган олти йўналиш берилди. Ушбу йўналишлар, шубҳасиз, тобора ривожланиб бораётган Янги Ўзбекистонимизнинг барқарор истиқболини белгилаб беради.

Шу ўринда, 2022 йил якунига кўра кутилаётган ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари ва натижаларига қисқача тўхталиб ўтиш жоиз бўлади, деб ўйлайман.

Аввало, жорий йил якунлари бўйича вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичларига эътибор қаратадиган бўлсак, йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 105,6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 105,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 103,3 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 108,2 фоизга, хизматлар ҳажми 113,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2021 йилга нисбатан 8 миллион сўмга ошиб, 80 миллион сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 1 миллион сўмга ошиб 15 миллион сўмни, хизматлар ҳажми 1,8 миллион сўмга ошиб 9 миллион сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, жорий йилда белгиланган 177 минг нафар аҳолини доимий ва мавсумий ишларга банд қилиш дастурининг ижроси 105 фоиз (186,3 минг нафар)га бажарилиши, аҳолининг ишсизлик даражаси йил бошидаги 8,8 фоиздан 7,8 фоизга камайиши кутилмоқда.

Бюджетга 3 триллион 435,8 миллиард сўмлик, шундан маҳаллий бюджетга 2 триллион 431,6 миллиард сўм тушумлар тушириш ҳамда вилоят ихтиёрига 410 миллиард сўм эркин қолдиқ маблағлари қолиши режалаштирилган.

Президентимиз томонидан амалиётга киритилган ижтимоий дафтарлар асосида аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳам тизимли равишда давом этмоқда. Жорий йилда "Темир дафтар"га киритилган 19 минг 782 та оилага ҳамда "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"га киритилган жами 34 минг нафардан зиёд фуқароларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилди, жами мазкур 3 та жамғармага маҳаллий бюджетдан 78,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.  

“Темир дафтар”даги оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 28,4 миллиард сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бугунги кунда “Темир дафтар”да қолган 77 та оила (265 нафар оила аъзоси)ни ижтимоий ҳолатини яхшилаш бўйича барча амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Йил бошида “Аёллар дафтари” бўйича хатлов ўтказилиб, 20 минг 444 нафар хотин-қизлар мазкур дафтарга киритилган.Бугунги кунда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 20 минг 436 нафари (99,9 фоиз)га жами барча манбалар ҳисобидан 60,3 миллиард сўм миқдорида ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, ишсиз 5 минг 995 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд 2 мингдан зиёд хотин-қизларга 21,8 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. 765 та хотин-қизларимизнинг уй-жой шароитлари яхшиланди.

Шу билан бирга, 2022 йилда 16 минг 764 нафар ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди ҳамда дафтардаги 16 минг 64 нафар (84,9 фоиз) ёшларга ижтимоий ёрдам кўрсатилган. Жорий йил мобайнида “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали вилоятдаги ёшларга амалий кўмак кўрсатиш мақсадида жами 30,3 миллиард сўм маблағ сарфланди.

2022 йил якуни билан қолган 700 нафар (15,1 фоиз) ёшларга ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилиб, “Ёшлар дафтари” га киритилган ёшларни 100 фоиз дафтардан чиқаришга эришилади.

Маълумки, аҳолининг энг кўп фойдаланадиган инфратузилма объектларининг асосий йўналишлари йўл, ичимлик суви, электр таъминоти ҳисобланади. Вилоятимизда бу борада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, жорий йилда 932 километр ички йўллар таъмирланиб, 17 фоиз ички йўлларнинг аҳволи яхшиланди. Шу йилнинг ўзида 332 километр ичимлик сув тармоғи қурилиб, таъминланганлик даражаси йил бошига нисбатан 68,2 фоиздан 76 фоизга етди.  

Электр таъминоти 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида ҳудудларда 1333 километр электр узатиш тармоғи, 338 дона трансформатор пункти ва 5 та юқори кучланишли подстанциялар мукаммал ҳамда 2926,5 километр электр узатиш тармоқлари, 826 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланган. Амалга оширилган ишлар натижасида 25 мингдан ортиқ оилалар, 1,4 мингдан зиёд тадбиркорлик субъетларининг электр таъминоти яхшиланди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, 2022 йил давомида вилоят бўйича 208 та объектда муқобил энергия манбалари жорий этилди. Жами 163 та объектда қуввати 2034 кВтли қуёш панеллари ўрнатилиб, натижада 1 ойда 449,7 минг кВт соат ёки 202,4 миллион сўмлик электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, вилоят ҳудудида 47 та объектда жами 4490 литр (224.5 Гкал)га тенг бўлган қуёш сув иситиш мосламалари ўрнатилди.

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва Обод маҳалла” дастурлари асосида олиб борилаётган ишлар давомида маҳалла кўчаларини куннинг қоронғу вақтида ёритиш мақсадида жами 450 та қуёш панелида ишловчи ёритгичлар ўрнатилди.

Вилоятда 2022 йил якунига қадар қўшимча равишда 20 та объектда 300 кВт қувватга эга қуёш панеллари, 43 минг литр ҳажмдаги қуёш сув иситиш қурилмалари ва 200 дона қуёш ёритиш ускуналари ўрнатилади.

Айни пайтда, вилоятимизда уй-жой билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ҳам фахр билан эътироф эта оламиз. Жумладан, шу йилнинг ўзида 3236 хонадонли 45 та кўп қаватли уйлар қурилди, натижада 14 минг нафардан ортиқ аҳоли уй-жой билан таъминланди.

Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш дастури доирасида вилоятнинг Кармана тумани “Дўстлик” МФЙ ҳамда Қизилтепа туманининг “Маликобод” МФЙ ҳудудларидаги массивларда қурилиши белгиланган жами 620 хонадонли 26 та кўп қаватли уй-жойлардан бугунги кунда 21 тасида асосий қурилиш ишлари тугалланиш арафасида турибди.

Сир эмас, инвестиция – иқтисодиётга қувват бағишловчи, унинг ривожланишини жадаллаштирувчи омил саналади.

2022 йилда Навоий вилоятида Ҳудудий инвестиция дастури доирасида жорий йил якунига қадар жами 4,5 триллион сўмлик 830 та лойиҳа амалга оширилиши ва 8,7 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда ва бу орқали белгиланган режамизни ортиғи билан адо этамиз.

Шу билан бирга, жорий йил якунига қадар жами 244,2 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштириш прогнози белгиланган. Ўтган январь-ноябрь ойлари учун хорижий инвестициялар ўзлаштириш 166,9 миллион доллар режалаштирилган, амалда 168,4 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилди ва прогноз 101 фоизга таъминланди. Йил якунига қадар жами 245,2 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз 100,4 фоизга бажарилади.

Вилоятнинг экспорт режаси 2022 йилда 201 миллион доллар этиб белгиланган бўлиб, шундан январь-ноябрь ойларида амалда 182,6 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Йил якунига қадар режа 100 фоизга бажарилади ҳамда 2021 йилга нисбатан 19,7 млн. долларга кўп экспорт амалга оширилади ва экспорт географияси 45 та давлатга етказилиб, 10 та янги бозорлар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Навоий вилоятида жами 3966 та саноат корхонаси, шундан 27 та йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Жорий йил 11 ой якуни билан жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 76,8 триллион сўмга, ўсиш суръати 105,2 фоизга тенг бўлди. Шундан, ҳудудий саноат корхоналари томонидан 5,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, кўрсаткич 116,7 фоизга ўсган.

Жами саноат таркибида ҳудудий саноатнинг улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,8 фоиздан 7,4 фоизга ортди.

2022 йил якуни билан жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 83,9 триллион сўмга (105,5 фоиз), ҳудудий саноатни 6,3 триллион сўмга (112,9 фоизга) етказиш режалаштирилган.

Жорий йил вилоятимиз аҳолиси учун яна бир жиҳатдан қадрли ва аҳамиятли бўлдики, у ҳам бўлса ҳурматли Президентимиз 25 ноябрь куни вилоятимизга амалга оширган ташрифлари доирасида Навоий вилоятини республиканинг Намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги 5 та ташаббусни илгари сурдилар. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусларни амалга ошириш механизмини ҳам белгилаб бердилар.

Жумладан, Электр энергиясини тежаш, “Яшил макон” дастурини амалга ошириш, яйловларни ишга солиш орқали эчкичилик ва қўйчиликни кескин ривожлантириш, инфратузилма объектлари қурилишида ресурсларни 30 фоизгача тежаш ҳамда ёшларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш бўйича Хатирчи тумани мисолида "Навоий вилояти тажрибаси"ни жорий этиш ташаббусларини амалга ошириш натижасида “Навоий вилоятини ишсизлик ва камбағалчилик тўлиқ бартараф этилган ҳудудга айлантириш” барчамизнинг 2023 йилдаги энг асосий вазифамиз бўлади.

Ушбу ташаббусларнинг ижросини таъминлаш юзасидан вилоятни 2023-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган Йўл харитаси ишлаб чиқилди ва уни амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлар аллақачон бошлаб юборилди.

Куни кеча ҳудуд ёшлари билан ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида ёшларимизнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди, уларни амалга ошириш бўйича зарур чоралар белгиланди.

Очиқ, самимий, айни пайтда қизғин савол-жавобларга бой ўтган учрашув якунида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган спорт мусобақалари ҳамда интелектуал танловларнинг вилоят босқичи ғолиблари, бир қатор спорт турлари бўйича Осиё ва Халқаро мусобақаларда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган ёшлар тақдирланди.

“Беш ташаббус олимпиадаси” республика босқичида вилоятлардан иштирок этган 3000 минг нафардан ортиқ ёшлар орасида вилоятимиз иштирокчиларининг 38 нафари муносиб қатнашиб, республика босқичида ғолибликни қўлга киритди. Вилоят босқичида иштирок этган 550 дан ортиқ ёшларга қарийб 1 миллиард сўмдаги турли қимматбаҳо совғалар берилди. Шунингдек, 16 нафар “Меҳрибонлик уйи” битирувчиларига Президентимиз томонидан совға қилинган яшаш хонадонларининг калитлари тантанали равишда топширилди.

Бир сўз билан айтганда, амалга ошираётган ишларимизнинг бош мақсади – жонажон Ватанимиз – Янги Ўзбекистонимизни дунёнинг энг тараққий этган, жаҳон халқлари ҳавас қиладиган мамлакатга айлантириш, юртимиз аҳолисини энг фаровон ва бахтиёр турмуш кечиришига эришишдан иборат. Зеро, ривожланиш ва ислоҳотлар инсон қадрининг юксалишига хизмат қилгандагина ҳаётий ва самарали бўлади.

Нормат Турсунов,

Навоий вилояти ҳокими

ЎзА