Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош мақсадимиз –инсон меҳнатини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш
12:07 / 2025-11-07

11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни

Инсон қадрини улуғлаш, унинг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган изчил ислоҳотларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон НУРАЛИЕВ амалга оширилаётган ишлар ҳақида бизга қуйидагиларни гапириб берди.

– Жорий йил касаба уюшмалари ҳаётида эсда қоларли, муҳим тарихий йил бўлди, – дейди суҳбат аввалида Касаба уюшмалари вилоят кенгашининг раиси. – Боиси, 17 октябрь куни давлатимиз раҳбари тизим фаоллари ва фахрийлари билан мулоқот қилиб, бир қатор ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Албатта, ушбу мулоқот мамлакатимизда инсон меҳнатини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлгани билан аҳамиятлидир.  

Ўтган беш йил Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши учун ҳам баракали ва сермаҳсул бўлди. Қурултойдан қурултойгача бўлган даврда аъзоларнинг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилинди.

Маълумки, бу йил касаба уюшмалари тизимида ҳисобот-сайлов йиғилишлари бўлиб ўтди. Авваллари касаба уюшмаси етакчилигига жа-

моадан бир нафар номзод кўрсатилар ва очиқ овоз бериш йўли билан аниқланар эди. Жорий йилги сайловларда эса кўпчилик номзодлар орасидан раислар яширин овоз бериш йўли билан сайланиши чинакамига адолатли бўлди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан 2022 йилда вилоятимизнинг Сўх туманида 200 ўринли “Сўх”, 2025 йилда Фарғона туманида яна шунча ўринли “Билимдон” болалар оромгоҳлари бун-

ёд этилди. Жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган бу замонавий оромгоҳларнинг қисқа вақтда қурилиб, фойдаланишга топширилиши мамлакатимизда ёш авлодга юксак эътибор қаратилаётгани, уларни маънан ва жисмонан соғлом инсонлар қилиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари даражасига кўтарилганлигининг ёрқин далилидир.

Бугунги кунда вилоят кенгаши ўз сафига 700 минг нафардан зиёд аъзоларни бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Албатта, тарғиботда гап кўп. 2020 йилда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари сони 3043 тани ташкил этган бўлса, эндиликда 3501 тага етди.

Айтиш керакки, кенгаш бор эътиборини қуйи бўғинга қаратмоқда. Шу боис, ҳар ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари “Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари билан ишлаш” санаси этиб белгиланган. Вилоят, туман ва шаҳар касаба уюшмалари ходимлари томонидан 2020-2024 йилларда 2982 та корхона ва муассасанинг бошланғич ташкилот етакчисига услубий ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам самарали фаолият олиб борилди. Корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган фуқаролардан келиб тушган 64 521 та мурожаатдан  

48 595 таси ёки 75 фоизи ижобий ҳал этилди, қолганлари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб иш берувчиларга 224 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 196 таси бўйича иш берувчилар иштирокида мурожаатчилар ҳуқуқлари тикланди. Меҳнат низоларини қонунан ҳал қилиш бўйича 332 марта судларга даъво аризалари киритилиб, 284 таси ёки 85 фоизи бўйича ижобий ҳал қилув қарорлари чиқарилишига эришилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 2269 нафар ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тикланиб, иш ҳақи ва бошқа тўловлар учун 17 миллиард 794 миллион сўм маблағ ундириб берилди. Таққослаш учун шуни айтиш жоизки, 2020 йилда ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчилардан 2 миллиард 447 миллион сўм маблағ ундирилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 5 миллиард 882 миллион сўмни ташкил қилди.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, 2020 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Меҳнат инспекцияси ташкил этилиши ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда муҳим омил бўлди. Ўтган даврда инспекторлар томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан 230 та ташкилотда жамоатчилик назорати амалга оширилди ҳамда келиб тушган 327 та мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 143 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.

Ходимларга муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасида 78 та бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ишлар ҳолати ўрганилиб, аниқланган 46 та камчилик бўйича иш берувчиларга 16 та тақдимнома киритилди, уларнинг барчаси бартараф этилишига эришилди.  

Ҳар йили ташкилотлар, иш берувчилар ва касаба уюшмалари фаоллари иштирокида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра суҳбатлари жамоатчилик эшитувлари шаклида ўтказилиб, уларда аъзолар томонидан кўтарилган, ечими давлат идораларига боғлиқ бўлган муаммо ва таклифлар муҳокама қилиниши яхши анъанага айланди. Ана шундай тадбирларда ҳудуд ва тармоқ даражасида 200 га яқин масала жойлардаги мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида, 10 дан ортиғи эса республика миқёсидаги тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари билан биргаликда ечимини топди.

Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида 2020 йилда 8815 та ташкилотда жамоа шартномаси тузилган бўлса, ўтган йилга келиб уларнинг сони 12 минг 736 тага етди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ички туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида тизимдаги касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан қарийб 97266 нафар, жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан 7 минг нафар меҳнаткаш ва улар оила аъзоларининг тарихий шаҳарларга ҳамда ўз ҳудудларидаги қадамжолар, диққатга сазовор жойларга саёҳатлари уюштирилди.

Санаторийларда 2020-2024 йиллар давомида 35 мингдан зиёд ишчи-ходимлар соғломлаштирилди. Улардан 12 903 нафари имтиёзли ва 1056 нафари бепул йўлланмалар асосида саломатликларини тиклади. 42 847 нафар болалар сўлим оромгоҳларда соғломлаштирилди.

Қўшни мамлакатлар билан олиб борилаётган дўстлик, яхши қўшничилик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Оқилона сиёсат туфайли чегара постлари очилди, ришталар мустаҳкамланишига эришилди. Шу ўринда бунинг исботи сифатида бир неча йилдан буён қирғизистонлик ва тожикистонлик ўғил-қизлар вилоятимиздаги сўлим оромгоҳларда дам олдирилаётганини айтиб ўтиш лозим.

Бугунги кунда касаба уюшмалари нафақат меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилмоқда, балки уларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга, соғломлаштириш ва бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА