Муносабат
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида Ўзбекистон овози бешинчи бор янгради. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик сиёсати, глобал ва минтақавий хавфсизлик, барқарор ривожланиш бўйича навбатдаги муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Таъкидлаш лозим, Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги юксак даражада ривожланган бўлиб, бунинг исботини ўтган йиллар давомида мамлакатимиз томонидан умуминсоний қадриятларга асосланган 13 та резолюция Бош Ассамблеяда бир овоздан қабул қилинганида ҳам кўриш мумкин. Юртимизда ташкилотнинг 160 дан ортиқ дастур ва лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Яқин орада икки ўртада беш йилга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастури имзоланиши кутиляпти.

Давлатимиз раҳбари юбилей сессиядаги чиқишида халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг амалга оширилаётган ортга қайтмас изчил ислоҳотлари билан таништириб, ундан кўзланган бош мақсад – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишга қаратилганини таъкидлади.
Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда сўнгги йилларда “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотлар натижаси халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз аксини кўрсатмоқда. Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, даромадли иш ўринлари ташкил қилиш ва бу орқали турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ўзгаришлар кириб бормаган ҳудуд, оила қолмади ҳисоб.
Бунинг исботини қуйидаги мисолларда кўриш мумкин: изчил ислоҳотлар туфайли қисқа вақт ичида камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилди. Иқтисодиётимиз икки карра ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми йил якунигача 130 миллиард долларга, аҳоли даромади эса 3,5 минг долларга етиши кутиляпти.
Фаол инвестиция сиёсати туфайли шу йилнинг ўзида 35 миллиард доллар сармоя эвазига 9 мингдан ортиқ янги корхона, 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни ташкил этилмоқда. Умуман олганда, давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига сарфланмоқда ва 2030 йилга бориб мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга эришилади. Бунинг учун имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли.
Албатта, бу мувффақиялар ортида таълимга, илм-фан тараққиётига берилган эътибор ётибди. Чунки, бу соҳаларни ривожлантирмай туриб, фаровонлик ҳақида гапириш бефойда. Ўтган саккиз йилда таълим, илм-фанга ажратилган маблағ олти карра оширилиб, 378 триллион сўмни ташкил қилди.
Давлатимиз раҳбари ҳам Бош Ассамблея сессиясидаги нутқида ушбу масалага тўхталиб, мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани, ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови 9 фоиздан 42 фоизга етгани, энг асосийси, ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси, нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қаралаётганини қайд этди. Ана шулардан келиб чиқиб, педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифини илгари сурди.
Президентимиз сўзининг якунида Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдори эканини таъкидлаб, халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга доим тайёрлигини билдирди. Зеро, давлатларнинг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги бугун издан чиқаётган халқаро миқёсда тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолатидир.
Отабек Жиянбоев,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг
Тошкент шаҳар Кенгаши раиси