Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош кентимиз тобора чирой очмоқда
23:55 / 2021-01-15

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, корхоналар фаолияти билан танишди.

Қийин синовлар келтирган 2020 йил ортда қолиб, янги йил кириб келди. Бу йил барчага янги умидлар бағишламоқда. Бунга ҳамоҳанг барча соҳаларда, жойларда яхши ўзгаришлар рўй бермоқда.

Хусусан, пойтахтимизда ҳам қурилиш, янгиланиш давом этмоқда. Шаҳар марказидаги Ислом Каримов кўчасида Олий Мажлис Сенати учун янги бино ҳозирланаётганидан кўпчилик хабардор. Лойиҳага кўра, 6 қаватли эски бино тубдан реконструкция қилиниб, қўшимча объектлар қурилмоқда. Бугунги кунда муҳандислик тармоқлари монтаж қилиняпти.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги ишларни кўздан кечирди.

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Шу боис, Сенатда доим иш “қайнайди”. Юқори палатанинг ҳаёти муҳокама ва музокараларга бой. Хорижий делегациялар ҳам кўп ташриф буюради. Парламент назоратининг ўзи катта ва ўта муҳим вазифа.

Янги бинода ана шундай барча жиҳатлар инобатга олиниб, сенаторлар учун энг замонавий шароитлар яратилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисини ўтказиш учун 280 ўринли зал ташкил этилмоқда. У миллий нақшлар билан безатилган, замонавий техникалар билан жиҳозланган бўлади.

Президент бу ерда қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

– Парламентимиз фаол ишлаяпти. Мажлислар пайтида битта қонун лойиҳаси соатлаб муҳокама қилинади. Шунинг учун иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, саломатлиги, ёши билан боғлиқ ҳар бир жиҳатни эътиборга олиш, шунга яраша қулайлик яратиш зарур. Залга қуёш нури тушиб турса, кайфиятга, ишга яхши таъсир қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Янги бинода делегациялар билан учрашувлар, матбуот анжуманлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳам барча шароит яратилади.

Заргарлик маҳсулотлари бутун дунёда харидоргир. Жаҳон заргарлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми йилига беш-олти фоизга ўсаётгани, товар айланмаси 250 миллиард доллардан ошаётгани унинг улкан экспорт салоҳиятидан далолат беради.

Мамлакатимизда кўп йиллар бу тармоқ эътибордан четда қолганди. Заргарлик корхоналари асбоб-ускуналарининг 80 фоизи эскирган, айримларида ишлаб чиқариш тўхтаган эди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 8 май куни ўтказилган йиғилишда заргарликни чинакам саноат даражасига олиб чиқиш вазифасини қўйган эди. Кўп ўтмай, ўша йили 18 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Яқинда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ишга туширилган “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамияти ана шу натижалардан бири.

Давлатимиз раҳбари  ушбу корхонага ташриф буюрди.

Лойиҳани амалга ошириш учун  қарийб 21 миллион АҚШ доллари жалб этилди. Италия, Германия ва Туркиянинг заргарлик тармоғида етакчи ҳисобланган фирмаларидан замонавий асбоб-ускуналар келтирилди.

“Gold Moon Tashkent” МЧЖ директори ўринбосари Ҳикмат Маҳмудовнинг айтишича, турли хилдаги тайёр ва ярим тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришга 200 дан ортиқ уста-заргар жалб қилинган. Ишлаб чиқариш жараёнида италиялик дизайнер ва техник ходимлар заргарларга ўз маҳорат сирларини ўргатмоқда. 

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, қимматбаҳо металлар ва тошлардан йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади. 

Заводга хомашё мамлакатимиздаги йирик тоғ-кон саноати корхоналаридан биржа савдолари орқали сотиб олинади. Заргарлик буюмлари “Фонон” бренди остида бозорга чиқарилади. 

Ушбу корхонанинг иш бошлаши маҳаллий ҳунармандлар учун ҳам қулайлик яратди. Корхона уларга ярим тайёр маҳсулот етказиб беради.

Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ҳам ташкил этилган. Бу ерда нафис услубда ишланган, жозибадорлиги ва сифати билан барчага бирдек манзур бўлувчи заргарлик буюмлари савдоси йўлга қўйилган. 

Савдо дўконида сотувчилар томонидан ҳар бир мижознинг диди ва хоҳишига кўра энг нодир заргарлик маҳсулотлари тавсия этилади. 

Давлатимиз раҳбари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб,  ходимлар билан мулоқот қилди. 

– Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бизнинг мақсадимиз – ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор.

Корхона анъанавий ўзбек заргарлик буюмларини Европа ва Италия дизайни билан янада бойитиш, асиллик даражаси ва сифатини кафолатлаш, тиллага ишлов бериш усулларини кўпайтириш орқали ноодатий тақинчоқлар ишлаб чиқариш, олтин ва кумуш ёмбилар савдосини йўлга қўйиш, Ҳиндистон, Африка ва Шри-Ланкада ишлов берилган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан фойдаланиб, тақинчоқлар ясашни мақсад қилган. 

Бугунги кунда маҳсулотларга харидор кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинади.

Заргарлик соҳасини ривожлантириш ҳамда рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш устувор вазифалардан. Мазкур заргарлик буюмлари корхонаси ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Марказий Осиёдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиниши, бунинг учун бюджетдан 140 миллиард сўм ажратилишини таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбари шу йўналишдаги янги мажмуа – Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказидаги қурилиш ишлари билан танишди. 

Юртимиздаги табиий шароит буйрак касалликларини келтириб чиқариш омилларидан бири. Масалан, ўтган йили сурункали буйрак касаллиги билан 118 мингдан зиёд бемор диспансер кузатувида бўлган. Уларнинг 23 минг нафарида сурункали буйрак етишмовчилиги кузатилган, 5 мингдан зиёди гемодиализга муҳтожлик сезган. Бу каби муаммолар даволашнинг замонавий инфратузилмасини ташкил этиш заруратини қўяётган эди.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида қурилаётган тиббиёт маркази шу борадаги ишлардан биридир. Бу жой илгари Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси эди. Унинг эскирган биносида гемодиализ олиш учун ўринлар сони эҳтиёждан бир неча баравар кам, аҳолига сифатли нефрология ёрдами кўрсатиш имконияти анча чекланган эди.

Президентимизнинг 2018 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур шифохона негизида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. 

Илгари гемодиализ муолажаларида диализаторлар кўп маротаба ишлатилар эди. Соҳага эътибор туфайли 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб гемодиализ беморлар учун диализаторлардан бир маротаба фойдаланишга ўтилди. Бу тиббиётимиздаги инқилобий ютуқ бўлиб, даволаш сифатини кескин ошириш, беморлар умрини узайтириш, қон орқали юқиши мумкин бўлган турли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этди.

Янги марказда буйрак етишмовчилиги касалликларини даволашда энг илғор хизматлар йўлга қўйилади. Бугунги кунда бу ерда иккита янги даволаш корпуси барпо этилмоқда. Жорий йилда 3-4-корпуслар фойдаланишга топширилади. Келаси йили мавжуд бинолар таъмирланади.

Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

– Юртимизда нефрология ривожланмаган. Айниқса, ҳудудларда клиникалар ҳам, мутахассислар ҳам етишмайди. Кўпчилик беморлар шифохонага касалликнинг охирги босқичида келяпти. Шунинг учун, аввало, одамларнинг бу бўйича билими, хабардорлигини ошириш керак. Қорақалпоғистон ва вилоятларда ҳам шифохоналар ташкил этиб, бу марказ билан онлайн боғлаш, тармоққа айлантириш, тизимли профилактика ишларини йўлга қўйиш зарур, – деди Президент.

Ҳудудларда фаолият юритаётган шифокорларни ушбу марказда ўқитиб, малакасини ошириш, даволаниш учун моддий имконияти йўқ беморларни давлат ҳимоясига олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Беш қаватли даволаш корпуси 170 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда трансплантация, гемодиализ, реабилитация, экстракорпорал детоксикация, буйрак аутоиммун касалликлари, интенсив нефрология, болалар ва катталар реанимация бўлимлари, шунингдек, нефрология ва гемодиализ, буйрак трансплантацияси мутахассисликлари кафедралари, поликлиника, дорихона жойлашади. Барча бўлимлар юқори технологик тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади.

Икки қаватли яна бир бинода 60 та катталар ва болалар гемодиализ аппаратлари ўрнатилади. Аҳамиятлиси, марказда биринчи маротаба болалар гемодиализ хизмати йўлга қўйилади.

Марказдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва қамрови ошади. Амбулатор ва стационар тартибда 100 дан ортиқ тиббий хизматлар йўлга қўйилади. Жумладан, йилига 60 мингдан ортиқ гемодиализ муолажалари, 150 та ноёб буйрак кўчириб ўтказиш каби юқори технологик амалиётлар бажарилади. 

Тиббиёт олий ўқув юртларининг 7 та кафедраси шу ерда фаолият юритади. Бу нефрология соҳасида “таълим – амалиёт – илм-фан” интеграциясини таъминлашга хизмат қилади. Илғор хорижий тиббиёт марказлари билан биргаликда янги даволаш технологиялари ва стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Шунингдек, мазкур муассаса бошқа ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, ҳудудлардаги шифохоналар билан ҳамкорликда аҳолини мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиб боради.

Марказда Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорликда илмий лойиҳалар ва тажриба алмашинув платформаси яратилади. Бугунги кунда Туркиянинг Башкент, Германиянинг Маннгейм университетлари клиникалари, Россиянинг Академик В.Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар илмий-тадқиқот тиббиёт маркази билан ҳамкорликда маҳаллий кадрларнинг ушбу марказларда малакасини ошириш йўлга қўйилган.

Келгусида давлат-хусусий шериклик асосида марказни тиббиёт кластерига айлантириб, тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш, хориждаги марказларни мамлакатимиз минтақаларига бириктириб, буйрак касалликларини эрта аниқлаш ва даволаш сифатини ошириш, диализ ҳамшираларини ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.

Аҳоли турмуш даражасида маҳаллалардаги шароит, инфратузилма ва хизматлар сифати муҳим омил.  Ислоҳотлар натижалари, соҳалардаги ўзгаришлар ҳам аввало маҳаллада сезилади.

Шу боис, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича ишни маҳаллаларда ташкил этиши, муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топиши зарурлигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, маҳалла идорасининг ваколатини кенгайтириш, раис ва ходимларнинг моддий таъминотини яхшилаш бўйича ташаббуслар илгари сурилган эди.

Давлатимиз раҳбари шундай ишлар билан танишиш мақсадида Юнусобод туманидаги “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

Бу ерда 7 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. 2 мингдан зиёд оила мавжуд. Янги қурилган маҳалла гузари биносида кенг шароитлар яратилган.

Шу ерда Юнусобод туманидаги маҳаллалар фаоллари билан мулоқот бўлди.

– Маҳалла раиси – Президентнинг қуйи бўғиндаги устуни. Маҳалланинг иқтисодиётини ўзгартирсак, жамиятимиз ўзгаради. Бунинг учун ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастуридан самарали фойдаланиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Кўп қаватли уйларга сифатли хизмат кўрсатувчи бошқарув компаниялари ташкил этиш, ички йўлларни таъмирлаш, маиший хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари, Юнусобод тумани маҳалла раислари, ёшлар билан мулоқот қилди.

Пойтахтимизда маҳаллабай ишлаш тизими барча туманларда жорий этилмоқда. Шу мақсадда махсус ишчи гуруҳ томонидан Юнусобод туманидаги 63 та маҳалланинг ривожланиш даражаси, мавжуд муаммо ва имкониятлари ўрганилгани қайд этилди.

Бош вазир ўринбосарлари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳамда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири шу борада ахборот берди.

Юнусобод туманини 2021-2022 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Саноат ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш йўналишида умумий қиймати 14,4 триллион сўмлик 141 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Улар доирасида 936 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириб, қарийб 8 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 1 миллиард сўм субсидия ажратилиб, тумандаги 260 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади. Меҳнат органлари йўлланмаси асосида 600 нафардан зиёд ишсиз касб-ҳунарга ўқитилади.

Инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Хусусан, жорий йилда 75 километр иссиқлик ва 108 километр электр тармоқлари, 101 та трансформаторда таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилади. 86 та кўча капитал таъмирланади.

Йиғилишда маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммоларни бартараф этиш, шароитларни яхшилаш, янги корхоналар ташкил қилиш бўйича таклифларини айтди. Давлатимиз раҳбари бу бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

ЎзА мухбирлари