Бу рақамлар Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди.
Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Бекзод Саидовнинг маълум қилишича, бугунги кунда вилоят аҳолисининг 2 миллион 189 минг нафари меҳнатга лаёқатли ҳисобланади ва уларнинг 1 миллион 520 минг нафардан ортиғи бандлиги таъминланган.
– Расмий секторда банд бўлганлар 579,1 минг, норасмий секторда 662,9 минг нафарни ташкил этса, ишлаш учун хорижга кетганлар 153 минг нафардан ортиқ, – дейди Б.Саидов. – Ишсизлар сони эса 90,8 минг нафар бўлиб, ишсизлик даражаси 5,6 фоиз. Умуман, бу йил вилоятимизда ишсизлик даражасини 5,2 фоизга тушириш режалаштирилган ва шу асосида иш олиб борилмоқда. Ушбу мақсад йўлида йил бошидан буён 37 минг 768 нафар фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашдик. 4500 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилинди.
Айни вақтда вилоятдаги 11942 та корхона ва ташкилотда 26501 та бўш иш ўрни мавжуд. Бу иш ўринларининг 4816 таси давлат ташкилотларига, 21685 таси хусусий сектор корхоналарига тўғри келади.
Бошқарма бошлиғи ўринбосарининг қайд этишича, кейинги йилларда хусусий секторнинг аҳоли бандлигини таъминлашдаги улуши ошиб бормоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири