Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўш иш ўринлари ярмаркаси
14:47 / 2024-03-04

Бухоро вилояти Шофиркон туманида иш топишда қийналаётган ёки қўлида гулдай ҳунари бўлатуриб даромадсиз қолган фуқаролар учун навбатдаги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси айнан “Shofirkon Ekvatorial Teks” МЧЖда ташкил этилди.

Бу бежизга эмас, албатта. Корхона 2009 йилдан буён “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғини, Наққош қишлоғида фаолият юритмоқда. Айни пайтда бу фабрикада қишлоқ чеварлари нафақат ўзимизда, балки хориж бозорида ҳам харидоргир бўлган бежирим жинси шимлар, махсус кийим-кечакларни тикмоқда. Ҳозир мазкур корхона имкониятларини кенгайтириш, иш ўрнини кўпайтириб, маҳсулот салмоғини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Фабрикада юздан ортиқ қишлоқ аёли, чевар қизлар меҳнат қилиб, даромад топишаётган бўлса, улар орасида маҳалланинг “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”да рўйхатга олингач, ишли бўлиб, ҳаётдан ўз ўрнини топганлари анчагина. 

Туман ҳокимлиги ва прокуратураси, хотин-қизлар бўлими, камбағалликни қисқартириш ва бандлик хизмати ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур меҳнат ярмаркасида ҳудуддаги 15 та корхона, ташкилот ва муассаса ўзларидаги 200 тадан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этди.

–Тадбирда вақтинча ишсиз фуқаролар ва ёшлардан 250 нафардан ортиғи қатнашган бўлса, шулардан 30 нафари ўзи танлаган касб-кор йўналишида ишга жойлашиш учун йўлланмага эга бўлди, –дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Назир Беков. –Шунингдек, касб-ҳунарга эга бўлмаган фуқароларнинг 15 нафари ўқиб ҳунар ўрганиш, кўникмага эга бўлиш учун ўқув курсига жалб қилинадиган бўлди. Шу куни қирққа яқин фуқарога меҳнат қонунчилиги, ишлаб даромад топиш, касаначилик йўналишига доир ҳуқуқий маслаҳат ва йўл-йўриқ берилиб, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 20 нафар фуқаро йўналтирилди.

Меҳнат ярмаркасида якка тартибдаги тадбиркорлик, фуқароларнинг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар олиш тартиби билан боғлиқ саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири