Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бермаган мансабдорларга 126 миллион сўм жарима тайинланди
20:24 / 2021-02-15

Бу ҳақда Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов иштирокида жорий йилда вилоятда яратиладиган янги иш ўринлари, ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2021 йилда вилоятда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 35 878 та, жумладан, ёшлар учун 18 804 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Хусусан, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 16700 га яқин, якка тартибдаги тадбиркорлик ва томорқа деҳқон хўжаликларини ривожлантириш орқали 9200 та иш жойи ташкил этилади.

– Аҳоли бандлигини таъминлаш учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида жамғармалар томонидан туман ва шаҳарларда жами 38 миллиард сўм ажратилади – деди И.Жабборов. – Жумладан, жамоат ишлари жамғармасидан ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун 20 милиард сўм, бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан “темир”, “ёшлар” ва “аёллар” дафтарларига киритилган ишсиз фуқароларни шахсий томорқасида банд қилиш мақсадида иссиқхона қуриш, сув насоси ҳамда уруғ ва кўчатлар харид қилиш учун 4,3 миллиард сўм субсидия маблағлари йўналтирилади. Касаба уюшмалари федерацияси хотин-қизлар тадбиркорлиги йўналишида 1 миллиард сўм фоизсиз кредит ва аёллар бандлигини таъминлаш учун 240 та тикув машинкалари бериши кўзда тутилган.

Бугунги кунда вилоятда “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз йигит-қизлар 61 670 нафарни ташкил этади ва уларнинг 51 минг нафарини “Ёшлар 1+1” ташаббуси доирасида қамраб олиш режалаштирилмоқда. 30 минг нафарга ёшлар эса тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилади.

Жорий йилда вилоятда 42,1 гектар ер майдонида 15 шаҳар ва туманда 1 тадан, Каттақўрғон туманида 2 та “Ёшлар кичик саноат зонаси” ташкил этилади. Шунингдек, 24 минг 574 гектар ер майдони ёшлар учун ажратиб берилади.

Матбуот анжуманида жойларда ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари сифати ва самардорлигини ошириш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишдаги янгилик ва ўзгаришлар, мавжуд иш ўринларини яшириш, ёлғон ҳисобот бериш каби масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

– Ўтган йил октябрь ойида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва бизнинг бошқарма вакиллари Россия фередациясида бўлиб, миграция масалалари бўйича келишувларга эришган эди – деди И.Жабборов. 

– Шу асосида ўтган йил декабрь ойида минг нафардан ортиқ ишсиз фуқаролар Россияга ишга жўнатилди. Ўтган ҳафта яна 500 нафар юртдошимиз суҳбатдан ўтди. Куни кеча Бошқирдистон савдо-саноат палатаси вакиллари вилоятимизга келганида 3 минг нафар ишчига эҳтиёж борлигини маълум қилди. 

Яқин орада Самарқандда бу борада ҳам амалий ишлар бошланади. Яна бир масала бу бўш иш ўринлари ҳақида ўз вақтида маълумот бермаслик ёки ёлғон ҳисобот топшириш билан боғлиқ. 2020 йил ноябрь-декабрь ойларида мана шундай қоидабузарликка йўл қўйган 135 нафар мансабдор шахсга нисбатан 285 миллион сўм жарима қўлланилган эди. Жорий йил январь ойида эса яна 50 нафардан ортиқ раҳбарларга 126 миллион сўм жарима солишга тўғри келди. Демоқчимизки, энди иш ўринларини қоғоздагина бажариш ёки қоғоздагина бировни ишга қабул қилиш ҳолатларига йўл қўйилмайди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА