Брюсселда Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммити бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Eunews” хабар берди. Анжуман БМТнинг Яқин Шарқдаги вазият юзасидан таҳлили билан очилди. 27 давлат жанговар ҳаракатни тўхтатиш, гуманитар ёрдам етказилишини талаб қилиш учун тўғри йўл топиш бўйича келишиб олди.
ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Ғазодаги вазият ҳақида баёнот берди. У етакчиларни Исроилга “Ғазога озиқ-овқат етказиб беришни таъминлашни йўлга қўйиш ва оддий аҳолини ҳимоя қилиш” ҳақида талаб юборишга чақирди.

– Ғазодаги вазият даҳшатли, таърифлашга сўз йўқ, – деди сиёсатчи. – Бугун Европа Кенгаши БМТ фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқдаги агентлиги (UNRWA)ни қўллаб-қувватлаш, ўт очишни тўхтатиш ва маҳбусларни озод этишни талаб қилиб, дадил қадам ташлайди. Ғазода содир бўлаётган воқеалар инсонпарварлик инқирози эмас, балки инсониятнинг барбод бўлиши. Одамлар жуда оч. Айниқса, болалар очликка дош беролмай, нобуд бўлмоқда. Умид қиламанки, ЕИ Кенгаши Исроилга кучли талаб юборади: Ғазога озиқ-овқат етказиб беришни таъминлашга рухсат беринг, тинч аҳолини ҳимоя қилинг!
Европа Иттифоқи олий вакили 18 март кунги баёнотида Исроил Ғазодаги очарчиликдан қурол сифатида фойдаланаётганига ҳам ишора қилди.