Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Борлиқнинг яшилликка бурканиши – аҳоли саломатлигини сақлашнинг муҳим омили
12:17 / 2023-03-09

Мамлакатимизда халқимизнинг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш, экологик аҳволни яхшилаш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди.  

Давлат дастурида инсон қадрини улуғлаш ва эркин фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни жадалллаштириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган еттита устувор йўналиш ўрин олган.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон экологик партияси фракцияси раҳбари Хайрулло ҒАФФОРОВ Давлат дастурида белгиланган экологик соҳадаги вазифалар хусусида гапириб ўтди:  

– Дарҳақиқат, баҳор келиши билан ҳовли-жойлар, кўп қаватли уйлар, боғ-роғлар, далаларда тозалик ва ободонлаштириш, дарахт кўчатларини экиш, теварак-атрофдаги дарахтларга шакл бериш ишларини амалга ошириш халқимизнинг эзгу ишларидандир. Бу халқимиз орасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш учун хизмат қилади.  

Дарахт ва буталарнинг ҳаётимиздаги аҳамияти қанчалик муҳимлигини барчамиз бирдек англаймиз. Яшил олам мусаффо табиатнинг асосий илдизидир. Кўкка бўй чўзиб турган салобатли дов-дарахтлар, кўкаламзор жойлар кўзни яшнатиши баробарида ҳаво мусаффолигини ҳам таъминлайди. Агар юртимиздаги  мавжуд кўп йиллик дарахтлар муҳофаза қилиниб, тараққиёт стратегиясида белгиланганидек, ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилса, мамлакатимизнинг экологик барқарорлиги, атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш имконини бериш билан бирга, БМТнинг иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битими доирасида мамлакатимиз томонидан олинган халқаро мажбуриятни бажариш имконини беради. Кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни, айниқса, шаҳар ва автомобиль йўллари четида яшил ҳудудларни кенгайтириш зарарли моддалар миқдорини камайтиради. Борлиқнинг яшилликка бурканиши аҳоли саломатлигини сақлашнинг муҳим омилидир. Яна бир масала яшил ҳудудларнинг кенгайиши иссиқхона газларини қисқартиришга ҳам хизмат қилади.  

Бу борада 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида “Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларда экологик аҳволни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш” мақсади белгиланганлиги ҳам бежиз эмас.  

Давлат дастурининг 251-бандида умуммиллий лойиҳа доирасида кўкаламзорлаштириладиган майдонларни аниқлаш, ҳар бир ҳудуднинг табиий тупроқ иқлим шароитига мос кўчат ва қаламчаларни танлаш, экиш ҳамда агротехника қоидалари асосида суғориш, парваришлаш бўйича амалий чоралар, молиялаштириш манбалари ва масъулларни белгилаш вазифалари қайд этилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.  

Маълумки, халқимизда жуда ҳам намунали удумлар бўлганки, улардан ибрат олиш мақсадга мувофиқ. Масалан, ота-боболаримиз оилада фарзанд дунёга келганида, унга атаб ўн дона терак кўчати қадашган. Фарзанд вояга етгунига қадар терак атмосферани зарарли газлардан тозаловчи фильтр вазифасини ўтаган бўлса, кейинчалик уй қуришда фойдаланилган. Кўчат экиш савобли амаллар сирасига кириши ривоятларда ҳам келтирилган.  

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида улкан амалий ишлар қилинмоқда. Биргина 2022 йилнинг кўчат экиш мавсумида 200 миллиондан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди. Ёки сўнгги беш йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,8 миллион гектардан ортиқ майдонда қурғоқчиликка ва шўрга чидамли ўсимлик кўчатлар экилиши ёки уруғлар сепилиши ўз навбатида Орол денгизининг суви қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёти ва фаолиятига салбий таъсирини янада юмшатиш имконини беради.  

Мазкур эзгу ишларни амалга оширишда Ўзбекистон экологик партияси аъзолари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Жумладан, жорий йил 25 февраль куни Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга ҳисса қўшиш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Парламентнинг Оролга нигоҳи” мавзусида хайрия ҳашари ташкил этилди.  

Шундай эзгу ишлар амалга оширилаётган бир пайтда айрим салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди. Хусусан, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, айниқса, куз-қиш ойларида чўл ҳудудларидан ноқонуний саксовул ва бошқа буталарнинг кесиб кетилиши ҳам ачинарли ҳолат. Содир этилган ҳуқуқбузарлик ва қонунбузилишларни бартараф этиш учун нафақат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари балки каттаю кичик баробар бир ёқадан бош чиқариб иш юритсагина кўзланган мақсадга эришилади. Агар ҳар бир одамнинг ўзида атроф-муҳитга нисбатан холисона муносабат пайдо бўлмас экан, уни ҳеч қандай таъқиқ ва таъқиблар билан бартараф этиб бўлмайди.  

Шу ўринда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга, йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш ҳамда дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш, шикастлантиришга оид такрорий тусга эга нормалар чиқариб, жазо чоралари кучайтиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Сенатга юборилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.  

Умуман олганда, Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари, депутатлар бу эзгу ишлар – дарахт ва бута кўчатларини экиш ишларида фаол иштирок этишимиз, бу борада халқимизга кенг тушунтириш ишларини олиб боришимиз ҳамда кўкаламзорлаштириш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ишларида парламент назоратини олиб боришимиз лозим бўлади.  

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш ишларини амалга ошириш шаҳарларимизга, маҳаллаларимизга файз бағишловчи яшилликка бурканган янги яшил ҳудудлар барпо этилишига туртки бериши билан бирга, юртимиз иқлимини мўътадил сақлашга, пировардида табиатни асраш, аҳолимиз саломатлигини яхшилаш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.  

 

ЎзА