Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Борлиқни тушуниш ахлоқ-одоб нормаларининг такомиллашишига ёрдам беради
15:28 / 2022-03-11

Янги китоб

Фалсафанинг борлиқ ҳақидаги таълимоти ўта муҳим ва долзарбдир. Файласуфларнинг деярли барчаси борлиқ тушунчасини четлаб ўтмаганлар. Улар борлиқ муаммосининг турли қирраларини очишга ҳаракат қилганлар.

Демак, борлиқ муаммоси қадимий, лекин навқирондир. Фикримизнинг далили сифатида таниқли файласуф Бахтиёр Тўраевнинг «Борлиқ” – монографиясини олиш мумкин. Бизнинг назаримизда ушбу монографияда «Борлиқ» тушунчаси ҳар томонлама, яъни диалектика нуқтаи назаридан илмий, яхлит ҳолда таҳлил қилинган. Ўқувчига борлиқ ҳақида тўла тасаввур беради десак, хато бўлмайди.

Борлиқ муаммосини тушунтиришда якдил фикр бўлмасада, Бахтиёр Тўраев ўзининг кўп йиллик изланишлари, ҳаётий тажрибаси, жаҳон фалсафасининг борлиқ ҳақидаги фикрларни хулоса қилиш натижалари асосида ўқувчига мукаммал тушунчани беради. 

«Борлиқ, – деб ёзади Б.Тўраев, – мавжудликнинг барча (моддий ва маънавий) шаклларини, (реал ва нореал) турларини ва (ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги) кўринишларини ўзига қамраб олувчи энг умумий ва универсал фалсафий категориядир». 

Б.Тўраев фундаментал математика, физика, биология, химия, генетика фанларининг кашфиётлари билан яқиндан таниш ва шу фанлар муаммоларини билиши нуқтаи назаридан мукаммал ўрганган.

Етмиш тўрт (74) параграфдан иборат бўлган бу монографияда борлиқнинг схемаси тасвирлаб берилганки, муаллифнинг ушбу соҳаларни мукаммал ўргангани ҳолда шахсий фикрларини мулоқотга киритган. 

Муаллиф монографиянинг биринчи бобида, яъни борлиқ фалсафаси (онтология) борлиқнинг умумий моҳияти ва мазмунини очиб беришда субстанция, «акциденция ва субстрат, борлиқ ва йўқлик, мавжудлик ва реаллик тушунчаларига эътиборни қаратган. Ушбу соҳалар борлиқ фалсафасининг кенг қирраларини тушунишга ёрдам беради. 

«Борлиқ – мавжудликнинг барча (моддий ва маънавий) шаклларини, (реал ва нореал) турларини ва (ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги) кўринишларини ўзига қамраб олувчи энг умумий ва универсал фалсафий категориядир». Кўриниб турибдики, ушбу таърифда борлиққа нисбатан бирорта соҳа назардан четда қолмаган, назаримда.

Монографиянинг иккинчи боби биринчи боб билан мантиқий боғланган ва борлиқнинг шакллари таҳлил қилиниб хулосалар чиқарилган. Айниқса унда борлиқнинг актуал ва потенциал, реал ва виртуал жиҳатлари ҳақида янгича ёндашилган ҳолда маълумотлар берилган. Жумладан, (намоён бўлиб турган) актуал борлиқ билан потенциал борлиқнинг ўзаро муносабатини муаллиф қуйидагича таърифлайди: «Борлиқнинг ҳали воқеликка айланмаган ва келгусида актуал воқеликка айланадиган муртак ҳолидаги қисми потенциал борлиқ дейилади. Потенциал борлиқ ҳали воқеликка айланишга улгурмаган актуал борлиқдир».

Маълумки, борлиқда ҳаракат мавжуд, ўзгариш мавжуд. Борлиқ билан ҳаракат ажралмас, бир бутунликдир. Борлиқ ҳаракатсиз – ҳаракатсиз борлиқ бўлиши мумкин эмас. Б.Тўраев ушбу муаммони ҳозирги замон табиий фанлар кашфиётларига асосланган ҳолда тасвирлайди ва борлиқнинг шаклларини далиллар ёрдамида кўрсатиб беради.

Монографиянинг учинчи бобида ўқувчини янада жиддийроқ ҳолда борлиқ категориясига ёндашишга ундайди. Чунки унда кўпгина адабиётларда ёритилмаган соҳалар акс этган. 

Тадқиқотнинг долзарблиги шундаки, муаммо ҳозирги замон фан ютуқлари асосида таҳлил қилиниб, хулосалар чиқарилади. 

Олимнинг фанларга таяниб иш кўриши шуни тасдиқлайдики, ўз навбатида фан фақат табиат сирларини очиб берувчи ва тараққиётни силжитувчи восита бўлиб қолмай, балки, инсон дунёқарашини шакллантириши учун муҳим омил эканлигини кўрсатиб беради. Борлиқни тушуниши орқали ахлоқ, одоб нормаларининг ижобий такомиллашишига ёрдам беришини таъкидлайди. Борлиқдаги табиий ва ижтимоий соҳаларнинг ўзаро диалектик муносабатини очиб беради. Бунга далил сифатида китобдаги «тартибланганлик», «мўлжалланганлик», «фазо ва вақт моделлари», «боғланганлик», «ўлчамлилик» параграфларини олиш мумкин. Ушбу параграфлардаги таҳлиллар борлиқдаги турли хусусиятларни инсон фаолияти билан боғланганлиги, уларни билиш оламни бир бутун тушунишга ёрдам бериши таъкидланган. 

Асарнинг тўртинчи боби янада қизиқарли ва тушунарли қилиб баён қилинганлиги уларни ўқиган ўқувчи ёки мутахассис ўзига керакли маълумотларни керагича олади. Сабаби борлиқнинг материя шакли ҳақида юзлаб, минглаб адабиётлар, мақола ва рисолалар, қарашлар мавжуд бўлсада, муаллиф ушбу муаммога янгича ёндашиб, хулосалар чиқарган. Айниқса материянинг тузилиши, микро, макро ва мега-дунёлар, анорганик ва органик, ижтимоий дунё ҳақидаги фикрлар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Монографиянинг бешинчи боби борлиқнинг шакли космологияга қаратилган бўлиб унда космологиянинг моҳияти, космологик моделлар, Эйнштейннинг цилиндрсимон коинот модели, ностационар моделлар, портлаш назарияси, стационар кенгаювчи Коинот моделлари каби бир қанча бошқа соҳалар тадқиқ қилинган бўлиб, борлиқ ҳақидаги инсон билимини чуқурлаштиради ва кенгайтиради. Муаллиф ушбу соҳаларни алоҳида-алоҳида тадқиқ қилиш билан бирга улар ўртасида бўлган диалектик муносабат, алоқадорлик ва боғланишларни ҳам тасвирлаб беради. Бундай ёндашув Б.Тўраев диалектиканинг барча қирралари ва мазмун-моҳиятини илмий билган етук файласуфлардан эканлигидан далолатдир.

Монографиянинг еттинчи боби эса оламнинг бирлиги ва хилма-хиллиги масаласига бағишланган бўлиб, ўқувчилар бу бобдан оламнинг мураккаблиги ва хилма-хиллигининг бирлиги ҳақида қизиқарли фалсафий ғоялар олиши мумкин.

Монографиянинг назарий кучи шундан иборатки, фикрлар фан ютуқлари ёрдамида асосланган. Баъзи муаллифлар ўз асарларининг кўп қисмини иқтибослар билан тўлдирса, Б.Тўраев бу анъанадан узоқлашган. Китобда иқтибослар ҳам келтирилиб уларнинг мазмун моҳиятига холисона баҳо берилган. Ушбу монография фалсафа фанининг «Борлиқ» тўғрисидаги хулосаларини ойдинлаштиради, мавҳумликдан аниқликка етаклайди. 

Б.Тўраев ижоди нафақат табиатшунослик фалсафасининг йирик намоёндаси сифатида, балки ижтимоий фалсафа тараққиётига ҳам етарли ҳисса қўшган файласуфлар қаторидан ўрин олган етук ижодкордир. 



Зиёдулла ДАВРОНОВ, 

Фалсафа фанлари доктори, профессор