Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўрдоқичилик жадал ривожланмоқда
08:51 / 2024-10-14

Жиззах вилоятида истеъмолдаги йиллик минимал талабдан кўп гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Йил давомида чорвачилик тармоқларида 107,4 млрд сўмлик 110 та лойиҳа ишга туширилиб, сутчилик ва бўрдоқичилик йўналишида янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоятда 2021 йилда 918,5 минг бош қорамол, 2,2 млн бош қўй-эчки, 3,6 млн бош парранда мавжуд бўлган бўлса, имтиёз ва преференциялар ҳисобига йил бошида қорамоллар бош сони 1 млн, қўй-эчкилар 2,4 млн бошни, паррандалар 3,9 млн бошни ташкил этди.

Шу кунга қадар хорижий давлатлардан гўшт ва сут йўналишидаги 9 минг бош қорамол ва 37 минг бошдан ортиқ қўй ва эчки олиб келиниб, фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида парвариши йўлга қўйилди.

Фаолият юритиб келаётган 47 та наслчилик хўжалиги томонидан йил бошидан бери 4 минг бошдан ортиқ наслли мол етиштирилди. Барча тоифа хўжаликлардаги 109 минг бош сигир ва таналар сунъий уруғлантирилиб, 17 минг бош зоти яхшиланган бузоқ олинди.

Бундан ташқари, 36 та чорвачилик субъектида замонавий гидропоника усулида озуқа етиштириш механзими ишга туширилди. Масалан, Пахтакор туманидаги “Бекзод наслли моллари” фермер хўжалигида 350 бош қорамол учун кунига 1,5 тонна гидропоник озуқа тайёрланмоқда.

Озуқа етиштириш ва наслчиликдаги ишларнинг тўғри ташкил этилиши туфайли сўйишга тайёрланган бир бош қорамолнинг тирик вазни 425 кг ни, қўй-эчкиларнинг ўртача тирик вазни 67 кг ни ташкил этмоқда.

Тўққиз ой давомида вилоятда 190 минг тонна гўшт, 27 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилди.

Икром Аввалбоев, ЎзА