Кўп йиллардан буён “Адолат” СДП сиёсий кенгаши марказий аппарати ташаббуси билан анъанавий тарзда Республикамиз ҳудудлари бўйлаб “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.
Мазкур донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад партиянинг аҳоли саломатлигини сақлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш ва шу орқали тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборат.

Бундан ташқари, акция бемор инсонларга қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги, донорларининг жамият учун зарурлиги, қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб боришни ўз ичига қамраб олади.
Партиянинг навбатдаги беғараз донорлик акцияси жорий йилнинг 16 март куни Республика Қон қуйиш марказида ўтказилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати маълум қилди.

Акцияда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар кўнгилли донор сифатида иштирок этди. Улар дастлаб тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донор бўлишдек савобли ишда қатнашди.
Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик эса кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъматдир.
М.Комилова, ЎзА