Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Бор меҳримиз сенга, болажон" шиори остида хайрия акцияси ўтказилди
22:05 / 2025-06-03

Болалар – ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгалари. Уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол шахс сифатида вояга етказиш ҳар бир давлат, оила ва ота-онанинг муқаддас бурчидир. Юртимизда ҳам фарзандлар меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик муҳитида улғаймоқда.

1 июнь – "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни" муносабати билан пойтахтимизнинг Миробод туманида "Бор меҳримиз сенга, болажон" шиори остида ижтимоий хайрия тадбири – қон топшириш акцияси ўтказилди. Тадбир Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси Миробод тумани бўлими, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ва "Қон препаратлари" илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Акцияда "Адолат" партияси Сиёсий Кенгаши раиси Р. Маҳмудова, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Т. Матибаев, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг туман бўлими раҳбари Д. Аҳмедова ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Мирободлик кўнгиллилар ушбу хайрия тадбирида фаол қатнашиб, бемор болаларнинг саломатлигини тиклашга ўз ҳиссасини қўшди. Айниқса, партия фаоли ва туман Кенгаши раиси Тошпўлат Матибаевнинг ташаббус ва саъй-ҳаракатлари натижасида юздан ортиқ донор ушбу тадбирда қатнашди.

Тадбир давомида иштирокчиларга акциянинг мақсади, донорликнинг соғлиқ учун фойдаси ва бемор болалар ҳаёти учун қанчалик аҳамиятли экани ҳақида тушунтиришлар берилди.

Қайд этиш керак, қон топшириш акциясида Ички ишлар вазирлигига қарашли қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳам фаол иштирок этдилар.

Умиджон Қурбонов, ЎзА