30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг “Ёшлар масалаларини ўрганиш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” бўлими ташаббуси билан “Миллий руҳ, илмий мерос, киносанъатда мужассам” мавзусида ёшлар ва киноижодкорлар иштирокидаги учрашув ташкил этилди. Унда кино соҳасига қизиқувчи ёшлар ҳамда партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этишди.
Учрашувда ёшларга “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва унинг ёшлар маънавияти, маданияти ва ижодиётини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида тушунтиришлар берилди. Жумладан, 2024–2030 йиллар мобайнида давлатчилик ривожининг 3 минг йиллик тарихини ёритувчи 50 та бадиий фильм, 10 нафар миллий қаҳрамонга бағишланган анимацион фильм ва сериал, шунингдек, халқаро кинофестиваль ва телеканалларда намойиш учун мўлжалланган лойиҳалар яратиш режалари ҳақида маълумот берилди.

Йиғилишда ёш киноижодкорлар бундай шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни истиқлол ғоялари руҳида тарбиялашга кўмаклашадиган, бой тарихимиз, буюк аждодларимизнинг бетимсол жасорати, замондошларимизнинг фидокорона меҳнатини акс эттирадиган фильмлар кўриш ҳақидаги орзуларини амалга ошириш йўлида барча куч ва имкониятларини ишга солишлари лозимлиги таъкидланди.
– Биз буюк халқимизни улуғламоқчи, Ўзбекистон номини бутун дунёга ёймоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин. Бунинг учун барчамиз бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятимизни ишга солишимиз керак, – дейди “Қорақалпоқфильм”давлат унитар корхонаси бадиий раҳбари Қудрат Атажанов.

Учрашув “Сценарийдан экрангача” мавзусидаги маҳорат дарси билан давом этди. Унда кинони тасвирга олиш жараёни, сценарий ёзиш услуби, қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлар яратиш, кинофестивалларда иштирок этиш имкониятлари ҳақида ёшларга амалий маслаҳатлар берилди.
Учрашув якунида фаол иштирок этган ёшларга эсдалик совғалари топширилди ҳамда ёш ижодкорларнинг чиқишлари тадбирга алоҳида руҳ бағишлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири