Шифокорлик – масъулиятли ва машаққатли касб. Бу касб эгалари халқ саломатлигини асраш йўлида фидойилик билан меҳнат қилади. Профессор Боқижон Маткаримов ҳам ана шундай эл-юрт дарди билан яшайган, ҳар бир беморга унинг ҳолатидан келиб чиқиб алоҳида ёндашган шифокорлардан эди.

Боқижон Маткаримов 1940 йилда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилган. У 1977 йилда Москвадаги Эпидемиология марказий илмий тадқиқот институтида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган, тиббиёт фанлари доктори даражасини олган ва 2000 йилдан профессор сифатида илмий-педагогик фаолият юритган. Марҳум 160 дан ортиқ илмий мақолалар, методик қўлланмалар ва кўрсатмалар муаллифидир.
Олим Ўзбекистонда биринчи бўлиб иерсиниоз касаллигини аниқлаган, унинг эпидемиологияси, клиник кўринишлари ва даволаш хусусиятларини чуқур ўрганган. У томонидан ишлаб чиқилган усуллар юқумли касалликларга қарши профилактика ва эпидемияга қарши тадбирларни самарали, марказлашган ҳолда ташкил этиш имконини яратган.
Маълумотларга кўра, иерсиниоз ўткир юқумли касалликлар орасида муҳим ўрин эгаллайди. У асосан, ошқозон-ичак трактини зарарлаб, инсоннинг бошқа аъзо ва тизимларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қўзғатувчи — грамманфий таёқчалар ҳисобланган иерсиния бактериялари +4…+8 °С ҳароратда фаол кўпаяди ва озиқ-овқат маҳсулотларида узоқ сақланиши мумкин. Инфекциянинг тарқалиш механизми псевдотуберкулёзга ўхшаш. Айрим штаммлар пастеризацияга чидамли бўлса-да, қайнатиш жараёнида тез нобуд бўлади ва дезинфектантларга сезгир. Касаллик кўпроқ кузнинг охирги ойлари ва қиш, баҳор фаслларида кузатилади, айниқса, болалар орасида.
Касаллик одатда, қалтираш, бош оғриғи, умумий ҳолсизлик билан бошланади. Мушак ва бўғимлар оғриши, томоқ оғриғи, иштаҳанинг пасайиши, уйқусизлик каби белгилар кузатилиши мумкин. Шунингдек, қорин оғриғи, тахикардия, тери қуриши, қорамтир пешоб, кўнгил айниши, ўнг қовурға остида оғриқ, терининг сарғайиши, ич кетиши, сийдик чиқаришда оғриқ ва диурезнинг пасайиши каби ҳолатлар ҳам учрайди. Иккинчи ҳафтага келиб ўткир артрит, юз шиши ривожланиши мумкин.
Профессор Маткаримов иерсиниозни даволаш бўйича ҳам самарали усулларни амалиётга жорий этган: касаллик шакли ва клиник белгиларига қараб индивидуал даволаш тактикаси танланади. Асорат бўлмаган ҳолларда 7-10 кунлик этиотроп терапия ва детоксикация ўтказилади. Септик шаклларда, иккиламчи ўчоқлар ва иммунитет пасайган беморларда антибиотиклар 12-14 кун давомида қўлланилади. Шу билан бирга дезинтоксикация, регидратация, зарурат бўлса пробиотик ва фермент препаратлари тавсия этилади.
Фидойи олим Республика ОИТСга қарши кураш марказида илмий бўлим бошлиғи сифатида ҳам самарали фаолият юритган. Шунингдек, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги ихтисослаштирилган тиббиёт кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аттестация комиссияси аъзоси ҳамда Ўзбекистон эпидемиологлар жамияти раиси сифатида ҳам катта иш тажрибасига эга бўлган.
Боқижон Маткаримов иерсиниоз бўйича илмий мактаб яратиш билан бирга, ОИВ инфекцияси, ҳомиладор аёлларда ОИВ, ўта юқумли касалликлар бўйича ҳам қатор муҳим тадқиқотлар амалга оширган.
У 2006 йилда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил” эсдалик нишони, 2000 йилда “Тиббиёт аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланган.
Таниқли шифокор ва олим Боқижон Маткаримов 2021 йилда вафот этган. Аммо унинг илмий мероси бугунги тиббиёт учун ўз қийматини йўқотмаган. У иерсиниозни Ўзбекистонда биринчи бўлиб аниқлагани, унинг эпидемиологияси, клиник жиҳатлари ва даволаш усулларини илмий асосда ишлаб чиққан тадқиқотлари ҳозирги инфекционистлар амалиётида ҳам муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, ОИВ/ОИТС ва ўта юқумли касалликларга оид изланишлари замонавий соғлиқни сақлаш стандартларини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА