Шу йилнинг 25-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.
Фестиваль 1997 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Бу йил илк бор Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилиши режалаштирилган. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов раҳбарлигида штаб ўз фаолиятини бошлади.

Масъул идоралар, вилоят бошқарма ва ташкилотлари масъулларидан таркиб топган штабда белгиланган вазифа, чора-тадбирлар ижроси кунлик мувофиқлаштириб борилмоқда. Штабдаги навбатдаги муҳокамада фестивалга хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини таклиф этиш, уларни кутиб олиш ва тадбирларда қатнашиши учун шароит яратиш, матбуот маркази фаолиятини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Маданият вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари фестивалга таклиф этилган хорижлик журналистлар, маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳақидаги маълумотлар, матбуот маркази ташкил этиладиган жой билан танишди. Зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Маълумотларга кўра, шу пайтгача 6 та давлатдан 15 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари фестивалда иштирок этиш истагини билдирган. Улар юртимизга келиб-кетиши билан боғлиқ жараёнлар ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар орқали мувофиқлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Туркий маданият ва мерос фонди президенти ҳам фестивалда иштирок этишини тасдиқлагани маълум бўлди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири