Давлатимиз рамзларидан бири – Ўзбекистон Республикаси байроғи, аввало, Ватан тимсолларидан бири, қолаверса, ундаги ҳаётбахш ранглар юракларимизга ғурур, умид ва ишонч уйғота олади.
Айниқса, юртдан бир қадам олис кетган одам Ватан байроғини кўрганда, юраги беихтиёр ҳаприқиб кетади. Ортида тоғдек суянчи – давлатимиз борлигини ҳис этади.
Шундай пайтларда Ватан байроғи жаҳон бўйлаб боқий ҳилпираб туришини ният қиламиз.
Юртдошларимиз халқаро тадбирларда, айниқса, жаҳон спорт ареналари, олимпия майдонларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтарганда, бундан ҳаяжонланмайдиган, ғурурланмайдиган инсон орамизда бўлмаса керак.
Бугун, 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси байроғи куни. Бундан 32 йил муқаддам, яъни 1991 йил 18 ноябрда "Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида"ги қонун қабул қилинган.
Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Оқ ранг - муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик тимсоли. Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадида қадимда нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
Маълумки, жорий йилда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузи тобора ошиб бораётгани, айниқса, маданият, спорт ва илм-фан соҳаларида катта ғалабаларга эришилиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи жаҳон узра баланд кўтарилаётганлигини инобатга олиб, қонун билан ундан фойдаланиш имконияти янада кенгайтирилди.
Қонун билан Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия ва маданий тадбирларда, расмий халқаро тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳамда бошқа ҳолларда ҳурматни таъминлаган ҳолда байроғимиздан фойдаланиш мумкинлигини назарда тутувчи меъёрлар жорий этилди.
Байроқ тасвири туширилган белгилардан фойдаланишда ҳам аҳолига кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, байроқдан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситаларининг салонида, расмий халқаро тадбирларда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахсларнинг кийим-бошида ва фарқловчи нишонларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланиш мумкин.
Бундан ташқари, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги ҳам қонунда акс этди.
Қонун Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ҳамда аҳоли, айниқса ёшларнинг ўз юртига нисбатан меҳр-муҳаббат, фахр-ифтихор туйғуларининг ва ватанпарварлик ҳиссининг янада ошишига, энг муҳими, халқимизнинг байроқ билан янада яқинроқ муносабатда бўлишига замин яратди.
Норгул Абдураимова, ЎзА