Бухорода “Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган тадбирда Халқаро мусулмон уламолар кенгаши ва Абу Даби Тинчлик форуми уламолари, Ўзбекистон, Миср, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистоннинг муфтийлари, исломшунос тадқиқотчи ва диний соҳа вакиллари қатнашди.
Меҳмонларни Бухоро халқаро аэропортида вилоят ҳокими Ботир Зарипов кутиб олди. Дастлаб меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилди. Меҳмонларга мазкур қадамжонинг тарихи, мустақиллик йилларида ушбу зиёратгоҳда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, Хожагон-нақшбандия таълимоти, унинг асосчилари бўлган буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Таомилга кўра қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг Пойи Калон мажмуаси ҳам зиёрат қилинди. Мир Араб олий мадрасасида ўтказилган нуфузли тадбирни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор, Муҳаммадолим Муҳаммадсидиқов олиб борди. Таъкидланганидек, Бухоро асрлар давомида ўзининг бой илмий мероси, ислом илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мадрасалари, таълим тизими билан Ислом дунёсида катта шуҳрат қозонган. Мир Араб Бухоронинг дунёга донг таратган мадрасаларидан бири. Шу маънода ушбу даргоҳнинг фаолият бошлаганига ҳижрий йил ҳисоби бўйича 500 йил тўлди.
[gallery-14783]
Анжуманда “Бухоро алломалари илмий меросининг аҳамияти”, “Мир араб мадрасаси ташкил топганининг 500 йиллиги: ўтмиш ва ҳозирги замон”, “Бобохоновлар сулоласининг ислом динини сақлаш, тарғиб ва ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси”, “Бухоро – Ислом цивилизацияси гавҳари” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, мавзу доирасида муҳим вазифалар, таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Сўзга чиққанлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва эришилган ютуқларни алоҳида эътироф этиб, юртимизда ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолияти юқори баҳоланди. Хусусан, Мир Араб мадрасаси фаолияти алоҳида эътироф этилди. Тарихдан Ўзбекистон заминидан улкан алломалар етишиб чиқишига ушбу таълим даргоҳи катта ҳисса қўшгани таъкидланди.
Халқаро анжумандаги маърузалар, билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ўзаро илмий хулосалар алмашилди ҳамда келгусида шу каби тадбирларни ҳамкорликда ўтказишга келишиб олинди. Халқаро конференцияда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Миср Араб Республикаси муфтийси Шайх Шавқий Аллом, Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси Шайх Алий Муҳиддин Қорадоғий, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, Бош муфтий Шайх Наврўзбай Ҳожи Тағанули, Тожикистон ислом маркази директори Шайх Саидмукаррам Абдуқодирзода, Туркманистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Ялкап Ҳожагулиев қатнашди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.