Австралиянинг Сидней шаҳридаги “Bondi” соҳилида содир бўлган оммавий отишма мамлакатни чуқур ларзага солди ва қурол бўйича қатъийроқ қонунларни жорий этиш бўйича сиёсий таъсирни кучайтирди.
Ҳужум йирик жамоавий байрам тадбири вақтида рўй бергани ва сўнгги 30 йилдан бери ўлкадаги ўта оғир қуролли зўравонлик инсидентига айлангани айтилмоқда. Таъкидланишича, воқеада 15 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 40 дан кўпроқ шахс жароҳатланган, уларнинг айримлари оғир аҳволда. Икки гумондор: ота ва ўғил қурол билан одамларга ҳужум қилган. Ота полиция томонидан ўлдирилиб, ўғли эса жиддий жароҳатланган ҳолда ҳибсга олинган.

Мамлакат бош вазири Энтони Альбанез воқеани “антисемитик террор акти” сифатида баҳолади ва ҳукуматни қурол қонунчилигини қайта кўриб чиқишга чақирди.
Маълумки, Австралия 1996 йилдаги “Порт Артур” отишмасидан сўнг жорий этилган қатъий қурол назорати билан танилган бўлса ҳам, сўнгги йилларда фуқаролар эгалик қиладиган қуроллар сонининг ошгани ва тартибга солишдаги фарқлар хавфсизлик муаммоларини келтириб чиқаргани ҳақида мунозаралар мавжуд эди.

Маҳаллий расмийлар, жумладан, Жанубий Уэлс раҳбари Крис Миннс кучайтирилган хавфсизлик чоралари билан бирга, қонунчиликка жиддий ўзгартиришлар киритиш зарурлигини тан олди. Шунингдек, халқаро етакчилар ҳам воқеани қоралаб, ҳамжиҳатлик ва антисемитизмга қарши курашни кучайтириш тарафдори эканликларини билдиришди.
Мусулмон Зиё, ЎзА