Мозий саҳифаларида шундай кутилмаган ҳодисалар борки, улар инсоният тақдирининг нақадар чигал ва айни вақтда қанчалик қизиқарли эканини намоён этади. Совуқ Болтиқ денгизи қирғоқлари ва қуёшли Ўзбекистон замини орасидаги минглаб чақирим масофага қарамай, бу икки ўлкани инсон қисмати боғлаб туради. Ўзини “ээстласед” деб атаувчи эстон халқи вакилларининг Туркистон ўлкасига илк қадамлари бундан бир ярим аср муқаддам қўйилган эди. Бу жараён шунчаки бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш эмас, балки турли маданият ва дин вакилларининг ёнма-ён яшаш тажрибаси эди. Узоқ шимолдан келган бу элат вакиллари ўзбек заминида ўзларига иккинчи ватан топа олдилар.
Эстонларнинг Туркистон ҳудудида пайдо бўлиши XIX асрнинг 60-йиллари охирига тўғри келади. Дастлабки босқичда улар асосан Россия империясининг ҳарбий ва фуқаролик маъмурияти таркибида хизмат қилганлар. Ўша даврда ўлкага келган европалик мутахассислар қаторида эстон ҳарбийлари ва амалдорлари ҳам бор эди. Бироқ бу кичик гуруҳ ҳали муқим ўрнашган жамоа эмасди. Асл этник қатламнинг шаклланиши XIX ва XX асрлар бўсағасидаги деҳқонлар кўчиши билан бошланди. Чор ҳукуматининг кўчириш сиёсати доирасида бир қанча эстон оилалари унумдор ер излаб жанубга йўл олдилар.
Манбаларда сақланган маълумотлар уларнинг жойлашуви ҳақида аниқ тасаввур беради. Тошкент остонасида бир нечта эстон оилалари деҳқончилик билан шуғулланган. Тарихий ҳужжатларда илк қайд этилган шахслардан бири – Эстляндия губерниясидан келган Отто Редлиндир. У Тошкентнинг рус қисмида яшовчи лютеран йўналишига мансуб аҳоли рўйхатида зикр этилган. Бу эса эстонларнинг ўз диний ва миллий ўзлигини сақлашга интилганидан далолат беради.
“Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, Фарғона водийси ҳам эстонлар учун муҳим манзилга айланди. Андижон уезди ҳудудида учта алоҳида хутор (қўрғон) ташкил этилган эди. Ушбу манзилгоҳларда яшовчи 30 га яқин эстонлар асосан зироатчилик ва чорвачиликни йўлга қўйдилар. Тарихий таҳлиллар шуни кўрсатадики, эстон деҳқонларининг турмуш даражаси кўчиб келган бошқа славянларга қараганда анча юқори бўлган. Улар хўжаликни юритишда катта муваффақиятларга эришганлар. Бу ҳолат уларнинг меҳнатсеварлиги ва тадбиркорлик қобилияти билан изоҳланади.
ХХ асрнинг бошларидаги сиёсий тўфонлар эстонлар тақдирига ҳам таъсир ўтказди. Биринчи жаҳон уруши давридаги қочқинлар оқимининг ортга қайтишидан сўнг, Ўрта Осиёда тахминан 200 нафар эстон қолди. 1920-йилларда улар Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида истиқомат қилишган. 1926 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда 216 нафар эстон яшаган. 1930-йилларнинг охирида эса вазият янада чигаллашди. СССР ва Финляндия чегараси ҳудудларидан мажбуран кўчирилган (депортация қилинган) эстонларнинг янги гуруҳи Ўрта Осиёга келтирилди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек замини яна бир бор хавфсиз бошпана вазифасини ўтади. Болтиқбўйи республикаларининг оккупация қилиниши сабабли кўплаб эстонлар вақтинчалик яшаш учун Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Уруш тугагач, уларнинг бир қисми ўз ватанига қайтган бўлса, қолганлари шу ерда муқим яшаб қолди. Йиллар давомида эстон диаспораси сонида ўзгаришлар кузатилди. 1979 йилда уларнинг сони 1064 нафарга етиб, энг юқори кўрсаткични қайд этди. Бироқ кейинги даврларда бу рақам камайиб борди.
Ўзбек ва эстон халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг янада мустаҳкамланди. Оғир синов дамларида кичик Эстония ҳам четда қараб турмади. Тошкентни қайта тиклаш учун 200 нафар малакали қурувчи юборилди. Улар ўз вазифаларини масъулият билан бажардилар. Бор-йўғи 16 ой ичида эстон қурувчилари иккита 50 хонадонли турар-жой биносини фойдаланишга топширдилар.
Эстонлар сони ҳар доим камчиликни ташкил этган бўлса-да, улар жамият ҳаётида сезиларли из қолдирдилар. 1989 йилда республикамизда 854 нафар эстон истиқомат қилган бўлса, 2000 йилга келиб бу кўрсаткич 342 нафарни ташкил этди. 1990-йиллардан бошлаб тарихий ватанга қайтиш жараёни кучайди. Бу табиий демографик жараён бўлиб, тарихий вазият ўзгариши билан боғлиқ эди.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги эстонлар тарихи – бу халқлар дўстлиги ва бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. Турли даврлардаги сиёсий ва ижтимоий бўронларга қарамай, ўзбек замини шимоллик меҳмонлар учун тинч ва хавфсиз гўша бўла олди. Эстонларнинг бу ердаги фаолияти, меҳнати ва қолдирган маданий излари тарихимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бу тарихий воқелик бизга инсонпарварлик чегара билмаслигини ва ҳақиқий дўстлик синовли дамларда тобланишини яна бир бор исботлайди.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА