Суд Бразилиянинг собиқ Президенти Жаир Болсонаруни давлат тўнтариши иши бўйича 27 йил-у 3 ойга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар тарқатди “G1” янгиликлар портали.
– Олий Федерал судининг пайшанба кунги биринчи ҳайъати мамлакат тарихида мисли кўрилмаган қарор қабул қилиб, собиқ Президент Жаир Болсонаруни давлат тўнтаришига уринишда айбдор деб топди, – дейилган хабарда. – Ҳайъат Болсонарунинг қамоқ муддатини 27 йил 3 ой, деб белгилади. Бундан ташқари Комиссия айбдорни саккиз йил сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Собиқ етакчи тарафдорлари эса 26 йилгача қамаладиган бўлди.
Қарор матнига кўра, энг узоқ ҳибс муддати собиқ мудофаа вазири ва 2022 йилги сайловда вице-президентликка номзод бўлган Вальтер Брага Неттога берилган – 26 йилдан. Денгиз кучлари собиқ қўмондони Альмир Гарньер ва собиқ адлия вазири Андерсон Торрес 24 йилдан ўтиради. Генерал Аугусто Ҳелено 18 йил-у 8 ой, собиқ мудофаа вазири Пауло Серхио Ногейра 19 йилга ҳукм қилинди. Разведка бошқармаси собиқ директори, депутат Александр Рамажем мандатидан маҳрум қилинди ва унга 16 йилдан зиёд қамоқ жазоси берилди.
Бу иш бўйича тергов билан келишувга эришган ва айбини тан олган ягона шахс – Болсонарунинг собиқ маслаҳатчиси Мауро Cид икки йиллик чекланган озодлик жазоси билан кифояланди. У ҳатто қамоқдан қутулиб қолиши ҳам мумкин.
Собиқ етакчи билан боғлиқ айблов сиёсий доирада турлича баҳоланмоқда. Биров суд адолатли бўлди, сиёсатчи қилмишига яраша жазосини олди, деса, бошқаси бу рақибга “сиёсий босим ўтказиш” демоқда.
Масалан, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бир неча бор Дональд Трампни қўллаб-қувватлаган Болсонаруга ҳукм чиқаришдан олдин Бразилияни жавоб чоралари билан қўрқитиб, жараённи “сиёсий таъқиб” деб атаганди. Лотин Америкаси мамлакати Ташқи ишлар вазирлиги бунга жавобан таҳдидлар Бразилия демократиясини қўрқитолмаслигини айтди.
Ўз навбатида, воқеага муносабат билдирган Колумбия Президенти Густаво Петро барча фитначилар жазоланиши кераклигини таъкидлаган.
– Ҳар бир фитначи судланиши керак, бу демократия қоидаси, – деб ёзди Колумбия раҳбари ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
2022 йил охиридан бери президентлик сайлови натижасига норозилик билдираётган Болсонару тарафдорлари 2023 йил 8 январда Конгресс биносини эгаллаб олди, Президент қароргоҳи Планальто саройи ҳудудига ва Олий суд биносига бостириб кирди. Кечга яқин полиция талон-тарож қилинган ҳукумат биноларини намойишчилардан тозалашга муваффақ бўлди. Натижада 2000 га яқин одам ҳибсга олинди, 1682 кишига нисбатан айблов эълон қилинди, 375 инсон айбдор, деб топилди ва бир йилдан 17 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
С.Раҳимов, ЎзА