Боливия пойтахти Ла-Пас яқинида валюта олиб кетаётган юк самолёти ҳалокатида 15 киши ҳалок бўлди.
Мудофаа вазири Марсело Салинас хабар беришича, янги босилган Боливия банкноталарини олиб кетаётган "Hercules C-130" юк самолёти Эль-Альто аэропортига қўниш пайти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва шу атрофдаги далага қулаган. Ҳаво кучлари қўмондони Серхио Лора учоқнинг олти экипаж аъзосидан икки нафари ҳали топилмаганини билдирди.

Эслатишича, самолёт Санта-Круз шаҳридан ҳавога кўтарилган эди. Расмий хабарларга кўра, 500 дан зиёд ҳарбий хизматчи ва 100 нафар полиция ходими ҳалокат жойида тўпланган оломонни тарқатиш учун ҳудудни назоратга олган. Маъмурият ушбу терминалга тааллуқли барча келиш-кетиш рейсларини вақтинча тўхтатди. Ёнғин хизмати бошлиғи Павел Товар фожиа туфали камида 15 киши ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди. Бинобарин, қурбонлар учоқ саҳнидан ёки яқин атрофдаги автомагистралдан топилгани ҳақида аниқ маълумот бермади.
Г.Сатторова, ЎзА