Боливияда 2019 йилда бўлиб ўтган сайловда қаллоблик ва коррупцияга йўл қўйилгани айтилмоқда
Ҳукумат янги президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Моралеснинг ушбу сайловда ўз номзодини илгари суришга рухсат берилмаган.
Боливия Олий сайлов суди пленуми Бош прокуратурага 2019 йилда бўлиб ўтган президент сайловида қаллоблик ва коррупцияга йўл қўйилгани бўйича даъво аризасини тақдим этди, дейилади суд сайтида берилган хабарда.
«Олий сайлов суди пленуми ўтган ҳафтада ушбу аризани мамлакат Бош прокуратурасига топширди. Унда сайлов ташкилотчилари, жиноятга шерикчилик қилганлар, фитначилар ёки сайлов жараёнида рўй берган жиноятларни яширганлар устидан жиноий иш қўзғатилиши сўралган», - дейилади хабарда. Аммо мазкур жиноятни амалга оширганлар номига аниқлик киритилмаган.
Сайлов органининг жорий таркиби фикрича, охирги сайловда ҳужжатлар қалбакилаштирилган, компьютер тизими билан манипуляция қилинган ёки овоз бериш натижалари яширилган.
Карлос Меса раҳбарлигидаги Боливия мухолифат кучлари 2019 йил 20 октябрда бўлиб ўтган сайловда оммавий қонунбузарликларга йўл қўйилгани ҳақда баёнот берган эди. Ўшанда мамлакатнинг собиқ раҳбари Эво Моралес ҳарбийлар босими натижасида президентлик вазифасидан воз кечиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ортидан эса Боливиянинг барча олий раҳбарияти истеъфо берди. Ҳокимият сенатнинг вице-спикери Жанин Анесга ўтди.
Ҳукумат янги президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Моралеснинг ушбу сайловда ўз номзодини илгари суришга рухсат берилмаган. У ҳозир Аргентинада яшамоқда ва ўша ерда туриб «Социализм сари ҳаракат» шиори остида ўзининг президентлик компаниясига раҳбарлик қилмоқда.