Боливия халқи биринчи босқичда Президентни сайлай олмади
Олий сайлов суди маълумотига кўра, овозларнинг 91 фоизи ҳисоблаб чиқилган бир пайтда Боливия “ўнгга бурилди”, яъни икки мухолиф номзод - Родриго Пас ва Хорхе Кирога президентлик пойгасида иккинчи даврага йўл олди.
Матбуот анжуманида суд аъзолари Пас 32,08, Кирога эса 26,94 фоиз қўлловга эга бўлгани ҳақидаги маълумотни эълон қилган.
Суд раҳбари Оскар Хасцентеуфель айтишича, дастлабки хулоса бир неча соат ичида айтилади.
Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзод ярмидан кўп ёки кейинги номзоддан 10 фоиз фарқ билан 40 фоиз овоз тўплаши керак эди. Афсуски, белгиланган меъёрга ҳеч бир даъвогар ета олмади. Энди 19 октябрда сайловнинг иккинчи давраси бўлиб ўтади.
С.Раҳимов, ЎзА