Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боливия Президенти янги муддатга номзодини қўймайди
12:33 / 2025-05-14

Боливия Президенти Луис Арсе ўнг қанотнинг ғалаба қозониш имкониятини камайтириш мақсадида янги муддатга номзодини қўймаслигини маълум қилди.

– Боливия халқига август ойида бўлиб ўтадиган сайловда қатнашиш ҳуқуқидан воз кечиш қарорим мутлақ қатъий эканини билдираман, – деди у мамлакат телеканали орқали эфирга узатилган матбуот анжуманида. – Зеро, мен халқ овози бўлинишига сабабчи бўлмаслигим, фашистик ўнг қанот лойиҳаси амалга ошишига ҳисса қўшмаслигим зарур.

Луис сўл қанот сиёсатчиларини “Боливия талончилар устидан ғалаба қозониши имконини берадиган” ягона номзод масаласида келишиб олишга чақирди.

– Мен собиқ Президент Эво Моралесни давлат раҳбарлигига номзод сифатида майдонга чиқмасликка чақираман, – дея қўшимча қилган у. – Биринчидан, конституцияга мувофиқ, бунинг иложи йўқ. Иккинчидан, овозлар тарқоқлиги ва бўлиниши маъқул эмас.

Арcе аввалроқ ҳукмрон “Социализм томон ҳаракат” партиясидан номзод сифатида иккинчи муддатга сайланиш режасини ошкор қилган эди. Моралес ҳам конституцияда рухсат этилган муддатни ўтаганига қарамай, ушбу сиёсий куч номидан номзод бўлишни хоҳлади.

11 май куни Парламент Сенаторлар палатаси раҳбари, айни пайт “Социализм сари ҳаракат” аъзоси Андронико Родригес 17 август куни ўтадиган сайловда иштирок этиш режасини билдирди. Мазкур эълон арафасида ўтказилган сўров унинг президентлик пойгасидаги эҳтимолий асосий номзод сифатида юзага чиқарган эди.

Луис Арcе 2020 йил октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловида Моралес томонидан маъқулланган, бироқ кейинчалик бу икки сиёсатчи ўртасида, жумладан, партия томонидан кимнинг номзоди илгари сурилиши борасида келишмовчилик юзага келди.

М.Пирматова, ЎзА