Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўлиб ўтаётган теледебатлар партияларни янада фаоллаштира оляптими?
17:55 / 2024-10-16

Таъкидлаш лозимки, 27 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига ҳам саноқли кунлар қолди. Ҳозир сайловолди ташвиқотлари жараёни янги босқичга кўтарилди. Сиёсий партияларимиз, номзодларимиз ўз сайловолди дастурининг мазмун-моҳияти бўйича сайловчиларимизнинг диққат- эътиборини тортиб бормоқда. Бўлиб ўтган учинчи дебатни кузатар эканмиз, унда олдингиларидан тубдан фарқ қиладиган жиҳатлар яққол кўзга ташланди. Янги қиёфалар, янгича шукуҳ, серқирра шижоат, баҳс-мунозара тўлалигича ҳукм сурди.

Буларни биз қуйидагиларда кузатишимиз мумкин:

Аввало,  теледебатлар учун ўта қулай ва шинам тарзда ташкил этилган “Дебат Холл”га ёки атрофдаги қиёфага эмас, балки асосий эътибор фақат ва фақат партияларнинг ҳаётий ғоялари, мақсадлари, вазифалари муҳокамасига, яъни, муҳим бўлган партия ташаббусларининг туб мақсадлари, мазмун-моҳиятига қаратилди.

Иккинчидан, барча партиялар ўзларининг сайловолди дастурида тадбиркорликка эътибор қаратар экан, ЎзЛиДеп партияси крипто-активларбозорини ривожлантириш ва соҳадаги қонунчиликни босқичма-босқич либераллаштириш, “Миллий тикланиш” партияси болалар ижодкорларининг китобларини ижтимоий буюртмалар асосида чоп эттиришни кўпайтириш, Экологик партия томонидан хонадонларнинг ўзида, савдо шохобчалари, корхона ва ташкилотларда чиқиндиларни қабул қилиб олиш тизимини жорий этиш, ХДП томонидан қўлида ҳунари бор, уй шароитида ҳунармандчилик билан шуғулланиш имконига эга бўлган имконияти чекланган фуқароларни қўллаб қувватлаш тизимини такомиллаштириш, “Адолат” партияси томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари тоифасига кирган шахсларни ишга қабул қилганлик учун солиқ имтиёзларибелгилаш каби жамиятимиз, халқимиз ҳаёт фаровонлигини яхшилаш учун таклифлар билдириб ўтилди.

Учинчидан,  теледебатда сиёсий партия спикерлари бир-бирларига бошқа партиялар дастурларидан келиб чиқиб, муаммоли, ечим топиш керак бўлган масалалари бўйича саволлар беришди. Назаримизда, спикерлар ўзига юклатилган вазифани, яъни жавобларни асослантирилган тарзда беришга ҳаракат қилишди. Яъни, спикерлар бу вазифани ҳозиржавоблик, таҳлилий ва аниқ маълумотлар таянган ҳолда жавоб беришни одилона бажарди, десак, ҳам мантиқан тўғри бўларди.

Диққатни тортган бир жиҳат шу бўлдики, партия спикерлари савол бериш билан бирга, қайсидир маънода берилган жавобларга ҳам ўз эътирозларини билдиришди. Бу албатта, кейинги дебатларда иштирок этувчи партия вакилларига катта масъулият юклайди, қаттиқ тайёргарликни талаб этади.

Тўртинчидан, ҳар бир сиёсий партия спикерлари ўзининг муҳим чорлов мурожаати билан сайловчиларга юзланди. Албатта, чорлов номигагина бўлмайди. Яъни,  унда муҳим концептуал жиҳатлар, сиёсий чизгилар, партия орқали эришиш мумкин бўлган чорловлар халқни, сайловчини ўзига эргаштирадиган тарзда ўта ишончли, аниқ ва ҳақиқатга яқин бўлиши лозим. Таъкидлаш лозимки, партия спикерлари етарли тарзда қисқа вақт мобайнида сайловчилар эътиборига тушишга ҳаракат қилишди ва буни уддалашди, десак, хато қилмаган бўламиз.

Назаримизда, мазкур дебатлар орқали сайловчилар сиёсий партиялар, номзодларни янада яқиндан билиб олиш имкониятини кенгайтирмоқда, уларнинг бераётган таклифлари ҳақиқатда ҳам асосли масала-ю муаммоларга қаратилганлиги, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилишда, тегишли масалаларни ҳал этишда  етарли имконияти борлигига сайловчиларимиз ишончи ортиб бормоқда.

Энг муҳими, жамоатчилик назоратининг янги қиёфаси  ўз аксини топмоқда.  Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, партия вакиллари томонидан ўзининг жиддийлиги ва ҳаракатга тайёрлигини тасдиқловчи аниқ қарорлар ва рақамларни тақдим этган теледебат сиёсий рақобат кучайиб бораётганини намойиш этди.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳақиқий баҳс-мунозара, фикрлар алмашинуви  сиёсий майдони шаклланди, бу орқали партиялар кейинги бўлиб ўтадиган дебатлар учун ўзларига янги вазифалар, йўналишлар олишди. Ўйлаймизки, кейинги дебатлар бундан-да -фаоллик, қизғин баҳслар оғушида бўлиб ўтади.

Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ, мустақил эксперт.

ЎзА