Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Ҳазорасп автомобиль мактабида Наврўз байрамига бағишлаб тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида спортнинг ҳарбий амалий кўпкураш тури бўйича мусобақа ташкил этилди.
“Ватанпарвар” ташкилоти мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзининг муносиб ўрнига эга. Спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш, оммалаштириш ташкилот фаолиятининг яна бир асосий йўналишларидан бири бўлиб, фуқаролар ва вояга етмаган ёшлар ўртасида спортнинг техник ва амалий турларини тарғиб қилиш ва оммавийлигини ошириш ишларини ташкил этмоқда. Турли даражадаги спорт мусобақаларини ўтказиш, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишини ҳам таъминламоқда.

Мусобақа Ҳазорасп тумани мудофаа бўлими билан ҳамкорликда ташкил қилингани боис соҳа вакиллари тадбир аввалида юртимиздаги ислоҳотлар шарофати билан ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар ҳақида тўхталди. Юртни ҳимоя қилиш эр йигитларнинг бурчи эканлиги, уларни тарбиялаб вояга етказган оналар ҳам эҳтиромга лойиқлиги алоҳида эътироф этилди.
– Ташкилотимизда байрамлар арафасида ёшларда ватанпарварлик, юртга муҳаббат, ватанни ҳимоя қилишдек юксак туйғуларни шакллантиришга қаратилган турли маънавий-маърифий тадбирлар, ёшлар фестиваллари ва танловлар ташкил этиш хайрли анъанага айланган. – дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Ҳазорасп автомобиль мактаби директори Ойбек Эгамов. – Ташкил этилаётган бу каби тадбирлар йигитларда она Ватанга бўлган муҳаббатини ошириш баробарида уларни ҳарбий хизматга жисмонан ва руҳан тайёрлайди, чиниқтиради.

“Ким ватанга содиқ бўлса мендирман ўша” шиори остида ташкил қилинган мусобақада йигитлар “АК-74” қуролини йиғиш, турникда тортиниш, пневматик қуролдан ўқ отиш, армрестлинг, тош кўтариш, граната улоқтириш, жамоавий тарзда арқон тортиш каби шартлар бўйича ўзаро куч синашди.
– Менинг мақсадим – ҳарбий бўлиб, она Ватанимга садоқат билан хизмат қилиш, – дейди мусобақа иштирокчиси Оғабек Ботиров. – Спорт билан ёшлигимдан шуғулланаман. Ҳар куни машқ қиламан. Бугун ҳам мусобақанинг армрестлинг шарти бўйича биринчи ўринни эгалладим. Бундан жуда хурсандман.
Мусобақа қизиқарли ва баҳсларга бой бўлди. Барча шартлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар “Ватанпарвар” ташкилоти Ҳазорасп автомобиль мактабининг диплом ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА