Хабар берганимиздек, 28-29-май кунлари Болгариянинг Бургас вилояти Руин шаҳарчасида кураш бўйича халқаро турнир ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган ушбу мусобақанинг соврин жамғармаси 25 минг евродан иборат эди.
Салмоқли мукофот жамғармасига эгалиги туфайлими ёки тарғибот ишлари яхши олиб борилганлиги учунми, хуллас, Болгарияда ташкил этилган мусобақа Европа кураш оиласида катта қизиқиш уйғотди. Буни кураш гиламларида спортнинг яккакураш турларидан нафақат Европа, балки жаҳон чемпионлари беллашганидан ҳам билиб олиш қийин эмас.
Ана шундай полвонлардан бири руминиялик Илие Даниэль Натеа бўлиб, у дзюдо ва самбо бўйича жаҳоннинг энг номдор спортчиларидан бири саналади. Бу рўйхатга яна болгариялик 165 килограмм вазн тоифасидаги таниқли полвон Ашим Айлин, "Токио –2020" Олимпиада ўйинлари совриндори (аёллар кураши), Болгария фахри Эвилина Николова, украиналик истеъдодли спортчи, дзюдо бўйича кадетлар ва катталар ўртасида Европа чемпиони Елизавета Литвиненко ва бошқа таниқли спортчиларни қўшиш мумкин.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросими юқори савияда ташкил этилди. Унда сўзга чиққан маҳаллий ҳокимлик вакиллари кураш спорт турининг гуманизм ғояларига йўғрилганлиги, унинг саломатликни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. Шу билан бирга, ўзбек кураши Олимпия ўйинларига кириш учун яхши имкониятларга эга эканлигини ҳам эътироф этиш баробарида Болгария томони бу йўлда биз билан ҳамфикр эканини айтиб ўтишди.
Мусобақа Болгариянинг Бургас вилоятидаги Руин шаҳарчасида ўтказилишида ҳам рамзий маъно бор. Чунки, туб аҳолиси асосан турклар бўлган бу ҳудудда аҳоли орасида азалдан яккакураш турларига қизиқиш кучли. Жумладан, Болгариянинг биринчи Олимпия чемпиони Никола Станчев ҳам шу заминдан етишиб чиққан.
Мазкур ҳудудда ҳар якшанбада турк кураши, юнон-рум кураши ва бошқа спорт турлари бўйича халқ сайллари ўтказиб турилиши одатий тусга кирган. Бир сўз билан айтганда, Руин шаҳарчаси Болгариянинг полвонлар маскани экан.
Кураш бўйича халқаро турнирда 20 га яқин давлатдан 100 нафарга яқин сараланган спортчи иштирок этди. Энг қизғин баҳслар эркаклар ўртасида +90 килограмм вазн тоифасида кечди. Унда ғолиблик учун бир эмас, камида уч нафар муносиб номзод бор эди. Булар – кураш бўйича Осиё ўйинлари ғолиби, қитъа ва жаҳон чемпиони Муҳсин Ҳисомиддинов, румин Илие Даниэль Натеа, болгариялик Ашим Айлин эди.
Муросасиз кечган беллашувлар якунида финалга Муҳсин ва Натеа чиқиб келди. Олдинга ўтиб айтиш керак, руминиялик полвон ҳам бўй, ҳам вазн борасида рақибидан катта устунликка эга эди. 198 кило тош босган Илиенинг бўйи ҳам 2 метрдан ошарди. Бундай рақибни кўтариб уриш тугул жойидан силжитиш ҳам осон эмас. Шунга қарамай Муҳсин бир чала ишлашга муваффақ бўлди. Аммо, ўзи ёнбош тушиб қолди ва якунда бош соврин руминиялик спортчига насиб этди.
Мусобақа низомига кўра ғолиблар 2500 евро, иккинчи ўрин соҳиби 1500 евро, иккита учинчи ўрин эгалари эса 500 евродан пул мукофоти билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир ғолиб ва совриндорлари:
Аёллар
-63 кг
1. Ольга Дрих (Украина),
2. Эвилина Николова (Болгария),
3. Элеонора Соатова (Ўзбекистон),
3. Малика Қаҳҳорова (Ўзбекистон).
+63 кг
1. Елизавета Литвиненко (Украина),
2. Габриэлла Гигова (Болгария),
3. Гуласал Ҳайдарова (Ўзбекистон),
3. Мария Орешкова (Болгария),
Эркаклар
-73 кг
1. Бозидар Темелков (Болгария),
2. Константинос Калатидис (Греция),
3. Антоний Битзамов (Греция),
3. Николай Грахмец (Молдова),
-90 кг
1. Румен Радев (Болгария),
2. Виталий Шерел (Украина),
3. Иван Стафанов (Болгария),
3. Поль Силвиу Балаван (Руминия),
+90 кг
1. Илие Даниэль Натеа (Руминия),
2. Муҳсин Ҳисомиддинов (Ўзбекистон),
3. Хусайн Хусайн (Болгария),
3. Ашим Айлин (Болгария).
Отабек ЭШМАМАТОВ.
Болгария, Бургас.