Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми 3 июндан бошланди.
Бугунги кун ҳолатига жами 11 та стационар оромгоҳга 1 минг 397 нафар бола қабул қилинди. Бундан ташқари, шаҳар ва туманларда ташкиллаштирилган 69 та кундузги оромгоҳда 3 минг 350 нафар бола қамраб олинган.
[gallery-23918]
Президентимизнинг 2025 йил 15 май куни мактаб таълими тизимини янада такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёзги таътил даврида умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида “Долзарб 90 кунлик” тадбирларини ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб берилган эди. Жорий йилги мавсумда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали имтиёзли йўлланмалар билан таъминланмоқда.
Барча болалар оромгоҳларга киришдан олдин бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, гуруҳларга бўлинди. Оромгоҳлар ва уларнинг атрофида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ички ишлар органлари ходимлари ҳамда болалар саломатлигини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилди. Департамент қошида мавсум давомида ишлайдиган республика ва ҳудудий штаблар ташкил этилиб, болаларнинг оромгоҳларга қабул қилиниши, мавсумнинг бориши тўғрисида кунлик тезкор маълумотлар юритилмоқда ҳамда тегишли вазирликлар штабларига ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига тақдим этилмоқда.
– Биринчи мавсумда Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб барча шаҳар, туманлардан, айни пайтда энг чекка қишлоқлардан 270 нафар бола қабул қилинди. Хусусан, Нукус шаҳри, Нукус, Кегейли, Мўйноқ, Чимбой, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли туманларидан болажонлар келиб дам олмоқда. Белгиланган режа асосида болалар ўртасида ҳар хил мусобақалар, спорт ўйинлари, танловлар ўтказилмоқда. Хусусан, “Она табиатни асрайлик” расм чизиш мусобақаси, “Чевар қўллар”, “Заковат”, “Эртаклар элига саёҳат”, “Талант шоу”, "Ўзбекистон - умумий уйимиз” каби танловлар ўтказилмоқда. Шу билан бирга, дам олиш масканида “Қум”, “Лего”, “Кубик-рубик”, “Караоке”, “Хорижий тиллар”, “Медиа” клублари ташкил этилган. Болалар ушбу клубларда тарбиячи, етакчилар билан бирга билимларини ошириб, дўстлари билан бўш вақтларини мазмунли ўтказишмоқда. Бундан ташқари, турли соҳа вакиллари билан учрашувлар ташкил этилмоқда, – дейди Мўйноқ туманидаги “Оқ кема” болалар дам олиш оромгоҳи директори Зерхон Сайтбекова.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилги мавсумда жами 80 та оромгоҳ (11 та стационар ва 69 та соғломлаштириш майдончалари) фаолият кўрсатиб, уларда 23 минг 890 нафардан зиёд бола дам олиши режалаштирилган. Шундан 7 минг 140 нафар бола стационар оромгоҳларда, 16 минг 750 нафар бола эса кундузги оромгоҳларга жалб этилиши белгиланган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), Ўз