Болажонларни совғалар кутмоқда
Мамлакатимизда ёш авлодга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлган “Президент арчаси” байрам тантаналари болажонларнинг энг севимли байрамларидан бирига айланган. Янги йил тадбирларини мазмунли ва кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда қатор амалий ишлар қилинмоқда.


Хайрли анъанага кўра, юртимиздаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, “СОС – болалар маҳаллалари”, Гўдаклар уйи, Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, Ватанимиз тинчлиги ва сарҳадлар осойишталиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун 12 турдаги ўқув қуроллари ва 15 хил ширинликдан иборат бўлган Президент совғалари Наманган вилоятига етиб келди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур совғалари вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтадиган “Президент арчаси” байрам тадбирида ҳамда шаҳар ва туманларда 647 нафар болажонга тақдим қилинади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА