Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болажонларга янги йил совғаси
15:11 / 2024-12-18

Янги йил байрами арафасида Бухоро вилояти Когон шаҳрининг “Зирабод” маҳалла фуқаро йиғинида 16-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Масканнинг очилиш маросимида шаҳар ҳокими Миршакар Тўрабоев бошчилигидаги масъуллар, тегишли ташкилот, корхона мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

Тадбир давомида нуронийлар бу хайрли ишга бош қўшган мутасаддилар, бинокорларга миннатдорлик билдирди. Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, эртамиз эгаларини юртимизнинг муносиб фарзандлари бўлиб вояга етишишларига катта ишонч билдирди. Тадбирда болалар боғчаси қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга эҳтиром рамзи сифатида ўзбекона тўн кийдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.  

Шундан сўнг, 16-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросимида рамзий лента қирқилди. Йиғилганлар болажонлар учун севимли масканга айланаётган иншоотда яратилган қулайликлар, ўйин майдончалари, машғулот ва дарс хоналари, ётоқхона, ошхона билан яқиндан танишди.  

Ушбу мактабгача таълим ташкилотида барча қулайликлар яратилган бўлиб, гуруҳ хоналари талаб даражасида жиҳозланган, болажонлар учун алоҳида овқатланиш хоналари, замон талабларига мос жиҳозланган мусиқа хонаси, ёзги соғломлаштириш майдончаси мавжуд. Маскан “201-сонли хўжаликлараро кўчма механизациялашган колонна” МЧЖ раҳбари Раҳматилло Тоҳиров жамоаси томонидан бунёд этилди ва 4 миллиард 850 миллион сўм сарфланди.  

Бугунга келиб темирйўлчилар шаҳри ва туманида 3-7 ёшли болалар сони 4247 нафарга етган бўлиб, айни кунда уларнинг 99 фоиздан ортиғи  давлат мактабгача таълим ташкилотларига, 548 нафари давлат хусусий шериклигидаги нодавлат болалар боғчаларига, 603 нафари оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.