Болажонларга хурсандчилик улашилди
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилоят бўлими ва туман бўлинмалари томонидан болажонлар учун хайрия тадбирлари ўтказилди.
Хусусан, фонднинг Қамаши тумани бўлинмаси ташаббуси билан ҳудуддаги кўплаб болажонларга китоб ва музқаймоқлар тарқатилди. Фонднинг Ғузор тумани бўлинмаси вакиллари 2-сонли кўп тармоқли ногиронлиги бўлган болаларга ихтисослашган ДМТТда тарбияланаётган болаларга байрам совғалари улашди.
Косон туман бўлинмаси вакиллари эса туман марказидаги истироҳат боғида йиғилган болажонларга 1000 донадан зиёд музқаймоқлар тарқатди. Бу каби хайр-саховат тадбирлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилди. Мақсад болажонларга олам-олам қувонч улашиш.
Ўлмас Баротов, ЎзА