Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болажонларга қувонч улашилди
22:03 / 2025-12-30

Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида Янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган байрам шодиёналари болажонлар учун ҳақиқий қувонч ва завқли туйғуларга бой тадбирга айланди. Унда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари фаол иштирок этишди.

Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган тадбир давомида саҳнада намойиш этилган ранг-баранг чиқишлар, айниқса, “Янги йил эртаги” номли саҳна кўринишлари уларга бир олам шодлик туҳфа этди.

Байрамнинг энг эсда қоларли дамларидан бири Қорбобонинг саҳнага чиқиб, ҳарбий хизматчилар ва хизматчилар фарзандларига Янги йил совғаларини топширган онлар бўлди. Болажонлар юзидаги табассум, кўзларидаги қувонч байрам тадбирининг мазмун-моҳиятини янада ёрқин ифода этди.

– Янги йил — фарзандларимиз интиқлик билан кутадиган, орзу-умидларга тўла байрам, – дейди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси  ходими Жамшид Тўхтаев. –  Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган ушбу эртакнома байрам дастури нафақат болаларга, балки улар билан бирга келган ота-оналарга ҳам чинакам қувонч улашди. Тинчлик ҳукм сурган юртда ўтаётган ҳар қандай байрам тадбири алоҳида аҳамият касб этади. Чунки осойишта ҳаёт шароитида болалар кулгиси, ота-оналар шодлиги янада мазмунли тус олади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири