Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болажонларга қувонч улашилди
15:56 / 2024-03-22

Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила ва хонадонга хурсандчилик олиб кириши билан биз учун қадрли, десак муболаға бўлмайди. Бугун юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, байрам тадбирларига, сайилу тантаналарга гувоҳ бўласиз.

Рамазон кунларида нишонланаётган бу йилги Наврўзда ҳам халқимиз хайру саховат ишларини амалга оширмоқда.  

Дарҳақиқат, юртимизда ўзаро меҳр-оқибат, саховат, мурувватлиликни кенг тарғиб этиш, азалий қадриятларимизни эъзозлаш каби халқимизга хос эзгу фазилатлар улуғланиб келинган. Эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, болажонлар ва ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда ҳам бу каби эзгу ишлар давом этмоқда.  

[gallery-16561]

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ташаббуси  билан “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчилари учун байрам дастурхони ёзилди. Ҳозир бу ерда 139 нафар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи бола тарбияланмоқда.

– Бу йилги Наврўз байрами биз учун барча байрамлардан-да зўр нишонланмоқда, – дейди 8- синф ўқувчиси Алибек Асроров. – Байрамда дўстларим билан шўх куй-қўшиқларга рақсларга тушдик. Роса яйрадик, ўйнаб-кулдик. Байрамлар кўп бўлсин. Бизга байрам дастурхони ёзган барчага катта раҳмат.  

Меҳр-саховатнинг катта-кичиги бўлмайди, у доимо қалби ўксик, меҳрга муҳтож кишилар дилига олам-олам қувонч бағишлайди. Яхшилик кўрганларнинг эса уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордан, меҳр-мурувватдан кўнгиллари шод бўлади. Зеро, эъзоз ва эътибор, бир калима ширин сўз ҳеч қачон эсдан чиқмайди.  

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбири