Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида тарбияланаётган болажонлар ҳолидан хабар олди. Уларни давлатимиз раҳбари номидан Янги йил байрами билан табриклади. Болажонларга бахт ва саодат, келажакда Ватанга муносиб инсон бўлиб камолга етишига омад тилади ва Президентимизнинг Янги йил совғаларини топширди.
Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар, бахтли болалик, гўзал диёримиз мадҳ этилган қўшиқлар, шўх куйлар болаларга бир олам завқ бағишлади.

Интернат уйи 1970 йилда ташкил этилган бўлиб, 2020 йилда давлат бюджетидан ажратилган 311 миллион сўм маблағ эвазига қайта таъмирланган. Айни кунда бу муассасада давлат ижтимоий муҳофазасига олинган болалар сони 246 нафарни ташкил қилади.


Уларга 14 нафар тор доирадаги шифокор, 32 нафар ўрта тиббиёт ходими, қолаверса, 92 нафар тарбиячи хизмат кўрсатмоқда. Муассаса моддий-техник имкониятларини яхшилаш мақсадида 2020 йилда 15 миллиард сўмдан ошиқроқ, 2021 йилда эса 14 миллиард 214 миллион сўм маблағ ажратилган. Айни кунда икки қаватли масканни ободонлаштириш, атрофини кўкаламзорлаштириш, бу ердаги болаларга зарур шарт-шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, масканда кундузги парваришлаш хизмати ҳам йўлга қўйилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.