Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болажонларга олам-олам қувонч бағишлади
18:07 / 2023-12-29

Андижон шаҳридаги вилоят болалар қўғирчоқ театрида “Президент арчаси” байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Президентимизнинг болажонларга байрам табригини ўқиб эшиттирди, мамлакатимизда болажонларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг соғлом ва баркамол вояга етиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, бу борада Андижон вилоятида ҳам ибратли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Янги йил байрами арафасида ўтказилган “Президент арчаси” шодиёналари унда иштирок этган Қўрғонтепа туманидаги “Мурувват уйи” тарбияланувчилари, шунингдек, ота-она қарамоғидан махрум бўлган болалар ҳамда Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлган ички ишлар ходимлари, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олам-олам қувонч бағишлади. 

[gallery-15274]

Байрам тадбирида Қорбобо, Қорқиз ҳамда турли эртаклар қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган томошалар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, таълим муассасалари қошидаги бадиий жамолар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди. 

– “Президент арчаси” байрам тадбири менга ва дўстларимга бир олам қувонч бағишлади, – дейди тадбир иштирокчиси, Асака туманидаги 17- умумтаълим мактаби 4- синф ўқувчиси Дадахон Қўлдошев. – Бизга шундай чиройли байрамлар ўтказиб бераётган, ажойиб совғалар тақдим этаётган Президент бобомизга раҳматлар айтамиз.

Болажонларга олам-олам қувонч бағишлаган ушбу тантанада 300 нафардан зиёд болага давлатимиз раҳбарининг совғалари берилди. Турли ширинликлар ва ўқув қуролларидан иборат Президент совғаларини болажонларга вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов топширди.

Умуман, янги йил байрами муносабати билан вилоятдаги 700 нафарга яқин болажонга Президент совғалари тарқатилди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари