Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ҳар йили анъанавий ўтказилаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтариб, баркамол инсонлар бўлиб камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган донорлик акциясида Хоразм вилоят Қон қуйиш марказида эрталабдан кўплаб кўнгилли юртдошларимиз, вилоятда фаолият юритиб келаётган нуфузли ташкилотлар ва даволаш муассасалари, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Урганч шаҳридаги ҳарбий қисм, партия фаоллари, депутатлар фаол иштирок этди.

Донорлар беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли инсонлардир. Чунки улар қонга муҳтож минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади.

– Ҳар йили партия ташаббуси билан ташкил этиб келинаётган донорлик акциясида иштирок этамиз, – дейди ҳарбий қисм тиббиёт пункти бошлиғи Оғабек Жуманиёзов. – Акцияда 50 нафарга яқин жамоамиз аъзоси билан вилоят Қон қуйиш марказига келиб, қон топшириш талабларига риоя қилган ҳолда қон топширдик. Топширган қонларимиз бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтаришда асқатишини жуда-жуда истаймиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 9 августдаги “Республика қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастур асосида қон қуйиш станциялари фаолияти такомиллаштирилмоқда, замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланмоқда.

Нилуфар Собирова, бемор болажонларнинг онаси:
– Фарзанд касал бўлса, ота-она учун ундан оғири бўлмаса керак. Иккала фарзандим ҳам туғилганидан наслий гемолитик талосмия касаллиги билан оғриб келади. Катта миқдордаги маблағ эвазига фарзандларимни 13 йил бўлди даволатиб келамиз. Моддий қийинчиликлар ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бугун фарзандларимга партия фаоллари беғараз донорлик қилишди. Мушкулимиз бир оз бўлса-да, енгиллашди. Инсонлар қадрланадиган юртда яшаётганимдан мамнунман.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бу каби саховат амаллари фарзандларимизнинг соғлом, бақувват ва баркамол бўлиб вояга етишида ҳамда мамлакатимизда инсонлар қадрини улуғлашга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири