Бухоро тумани “Шергирон” маҳалла фуқаролар йиғинида давлат хусусий шериклиги асосида “Ал Бухорий издошлари” номли 90 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Мазкур ташкилотнинг лойиҳа қиймати уч миллиард сўм бўлиб, шундан икки миллиард сўми имтиёзли кредит маблағлари асосида барпо қилинди. Ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, болалар боғчаси ходимлари ҳозир бўлди. Бунда болажонлар учун машғулот хоналари, спорт ва ўйин майдончалари, ошхона, ётоқхона, санитария тармоғи шай қилингани барчага манзур бўлди. Болажонлар таълим-тарбияси учун муассасада ўндан ортиқ тарбиячи-ходим масъул қилиб бириктирилган.

Айни кунда туманда фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилоти 131 тага етказилиб, жами 10 минг нафардан ортиқ жажжи ўғил-қиз мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.


Ҳозирда, мактабгача таълим масканларининг 34 таси давлат, 3 таси нодавлат, 20 таси давлат хусусий шериклигидаги ҳамда 74 таси оилавий мактабгача таълим ташкилотидир. Туманда 3-7 ёшдаги болалар сони 13 минг 446 нафарни ташкил этади. Бугунга келиб тумандаги боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамров даражаси 77,6 фоизни ташкил этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.