Андижон вилоятида жорий йилнинг 10 февралидан 10 мартига қадар вилоятда “Йўл ҳаракати маданиятини ошириш ойлиги” ўтказилмоқда.
- Ойлик доирасида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим ва тушунчаларини юксалтиришга, маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилади, - дейди Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот хизмати бошлиғи, капитан Диёрбек Абдураззоқов. – Айни кунларда ойлик доирасидаги ишлар, тарғибот тадбирлари белгиланган режа асосида ташкил этилмоқда.

Ойлик доирасида Пахтаобод туманида умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасида “Яшил чироқ” мусобақасининг мактаблараро босқичи ўтказилди. Мусобақада иштирок этган жамоалар йўл ҳаракати қоидалари, пиёдалар ҳаракат хавфсизлиги, ушбу жараёнда ўқувчи ёшларнинг иштироки борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этди.
Ғолиб жамоалар Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шахсий таркиби ходимлари вилоятдаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига бириктирилди. Мазкур муассасаларда ўқувчилар билан учрашув, суҳбат ва амалий машғулотлар ўтказилди. Болалар ҳамда ўқувчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги билим ва тушунчалари бойитилмоқда.
Жумладан, вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида “Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиори остида ўтказилаётган тарғибот тадбирларида муассасаларда тарбияланаётган юқори ёш гуруҳи тарбияланувчилари иштирок этмоқда.
Тарғибот тадбирларида болажонларга йўл қоидалари қизиқарли тасвирлар кўринишида, турли ўйинлар ҳамда амалий машғулотлар орқали тушунтириб берилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА