Наманган вилоятининг Уйчи туманида мактабгача таълим ёшидаги эҳтиёжманд болажонлар учун мўлжалланган “Илк ривожланиш маркази” ўз фаолиятини бошлади.
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги “Илк ривожланиш марказлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган янги муассасанинг тантанали очилишида Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими ҳамда ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқармалари мутасаддилари, туман фаоллари ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Қайд этилганидек, ушбу марказ ҳудуддаги эҳтиёжманд оилалар фарзандларини боғчага бепул қамраб олади. Уларнинг жамиятга мослашиши, қобилиятларини ривожлантириш ва келгусида муваффақиятли таълим олишига хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, ҳозирга қадар Наманган вилоятида тўртта туман ва шаҳарда “Илк ривожланиш маркази”нинг фаолияти йўлга қўйилди. Уларда 600 га яқин кам таъминланган оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш имконияти яратилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.