Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Давлат драма театри ижодкорлари томонидан “Қорқизнинг янги йил саргузаштлари” номли спектакль намойиш этилди.
Янги йил байрами тадбирлари доирасида ташкил этилган мазкур саҳна асари тизимдаги гвардиячи ва ходимларнинг оила аъзолари, айниқса болажонлар учун байрамона туҳфа бўлди.

Театр актёр ва актрисаларининг юксак маҳорат ва замонавий ёндашув асосида ижро этган саҳна кўринишлари томошабинларда унутилмас таассурот қолдирди. Болажонларнинг қувончли кулгулари ва олқишлари тадбирга янада самимийлик ва байрамона кайфият бағишлади.

Спектакль орқали дўстлик, меҳр-оқибат, яхшилик ва ҳалоллик каби эзгу ғоялар тарғиб қилиниб, болаларни китоб ўқишга, билим олишга ҳамда ростгўйлик орқали ёмон иллатлар устидан ғалаба қозониш мумкинлиги уқтирилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган китоб ярмаркаси ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда болалар ва катталар учун мўлжалланган бадиий ҳамда маърифий адабиётлар намойиш этилди. Китобсевар ёшлар ўзларига манзур китобларни харид қилиш имкониятига эга бўлди.
Н.Раҳмонова, ЎзА