Ҳар йили Янги йил байрами муносабати билан ўтказиладиган “Президент арчаси” тадбири болажонлар учун беғубор орзу-умидлар шодиёнасига айланади. Ушбу тантаналар давомида Президент совғалари топширилиши эса кичкинтойларга олам олам қувонч бағишлайди.
Бухорода ўтказилган “Президент арчаси” тадбирида ҳудуддаги 257 нафар оилавий болалар уйларининг тарбияланувчилари, маҳаллаларда яшовчи чин етимлар, васийлик ва ҳомийликка олинган болалар, хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фарзандлари ҳамда ногиронлиги бўлган ўғил-қизлар таклиф этилди.

Юртбошимизнинг келажагимиз эгаларига кўрсатаётган меҳр-эътибор ва ғамхўрликлари ҳамда юртимиздаги болажонликнинг ёрқин ифодасини ўзида намоён этган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди. Болажонларни Янги йил билан табриклади. Ўқишларига омад тилар экан, уларни янги ва юксак марраларни забт этишга ундади.

Вилоят ҳокими эртамиз эгалари бўлмиш болажонларни Янги йил байрами билан самимий муборакбод этди. Уларга “Президент совғалари”ни топширди. Ўқув қуроллари ва ширинликлардан иборат туҳфадан ўғил-қизларнинг кўнгли шод бўлди. Таркибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат жиҳозлари киритилган бу совғалар болажонларга бир олам қувонч улашди.
“Президент арчаси” ўрнатилган катта саҳнада маданий байрам тадбири бошланди. Қорбобо ва қорқиз иштирокида вилоят театри ижодий жамоасининг меҳр-оқибат, эзгуликнинг ёвузлик устидан ҳамиша ғолиб чиқиши, инсон фарзанди доимо яхшилик ва хайрли ишларга интилиб яшаши ҳақида ҳикоя қилувчи эртак-спектакли намойиш қилинди. Байрамона безатилган арча атрофидаги шўх қўшиқ, тарона ва рақслар, болажонларга шодлик ва ҳаяжон, кўтаринки кайфият бағишлади.

“Президент арчаси” тадбири доирасида Бухоро “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида ҳам байрам тадбирлари ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, ташкилот ва бошқарма бошлиқлари иштирок этди. Тантанада сўз олган вилоят раҳбари юртимизда ногиронлиги бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этишлари учун барча имкониятлар яратилаётганини таъкидлаб, муассасада тарбияланаётган 216 нафар ўғил-қизларга “Президент совғалари” топширилди.

Нафақат вилоят маркази, балки ҳар бир шаҳар ва туманларда янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган “Президент арчаси” тантаналари ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини кенг қамраб олгани ҳолда зўр уюшқоқлик билан, юқори даражада бўлиб ўтмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА