French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болажонлар мароқли ҳордиқ чиқарди
12:09 / 2022-09-03

Ёз фасли ўз ниҳоясига етиб, юртимизга куз кириб келди.

Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида болалар соғломлаштириш оромгоҳи энг сўлим гўшалардан бири бўлиб, у ерда ўтаётган ҳар бир кун қайноқ ҳаёт тарзига айланади. Катта ёшдагилар шу дақиқаларда қайтадан бола бўлиб қолишни жон дилдан хоҳлашади.

7-14 ёшли болажонларимиз учун мавсум давомида мазмунли, ҳақиқий болалик ҳисси билан ором оладиган дамларни улашиш мақсадида Навоий вилоятида 11 та стационар оромгоҳда 14 минг 460 нафар, 7 та кундузги оромгоҳда 1 минг 280 нафар, жами 18 та оромгоҳда 15 минг 740 нафар бола дам олиб, соғломлаштирилди. Шунингдек, халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 148 тасида ташкил этилган соғломлаштириш майдончаларига 26 269 нафар бола жалб этилди.

[gallery-8641]

– Мавсум давомида ишларни тизимли ҳал этиш мақсадида жорий йил март ойида “Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирлари”ни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг 2022 йилда фаолият юритадиган оромгоҳлар бўйича Дислокацияси тасдиқланган эди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Нормурод Исоқов. – Хусусан, Дислокацияга мувофиқ, “Қизилқумцемент” АЖ тасарруфидаги “Шабода” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 4 навбатда 1027 нафар, “Навоийазот” АЖ тасарруфидаги “Офтобжон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 5 навбатда 1417 нафар, Қизилтепа туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги “Дўстлик” ва “Шодлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 3 навбатда 553 нафар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши тасарруфидаги “Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 5 навбатда 476 нафар, “Навоий кон металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасасига қарашли “Сармиш”, “Сўғдиёна”, “Зарафшон”, “Болажон”, “Паҳлавон” ҳамда ”Келажак” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳамда 7 та кундузги оромгоҳда 4 навбатда 12 минг 45 нафар бола дам олди.

Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида май ойида Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маданият, Ички ишлар, Спортни ривожлантириш бошқармалари, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда масъул ходимлар учун онлайн ўқитиш ишлари ташкил этилди. Қизилтепа туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги “Дўстлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳида оромгоҳ ташкилотчиларининг вилоят семинари ташкил этилди. Семинарда барча оромгоҳларнинг масъуллари, раҳбарлари, тарбиячи, етакчилар, спорт йўриқчилари, ҳисобчи ва ошпазлар жалб этилиб, ўзаро тажриба алмашди.

– Мавсумга тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш, мавсум давомида олиб борилаётган ишларни назорат қилиб бориш ва мониторингини амалга ошириш, муаммолар юзага келганда уларни зудлик билан бартараф этиш бўйича Федерация вилоят Кенгаши қошида вилоят Штаби ташкил этилиб, кунлик ахборот алмашуви йўлга қўйилди, – дейди Н.Исоқов. – Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ташкилотчилари ва ходимлари учун алоҳида санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник талабларга риоя этилиши бўйича ўқувлар ўтказилди.  

Мавсум давомида “Навоий кон металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасасига қарашли “Сармиш”, “Зарафшон”, “Болажон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида вилоятимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 1134 нафар фарзанди корхона маблағлари ҳисобидан бепул соғломлаштирилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида истиқомат қилувчи 200 нафар болажон “Навоийазот” АЖга қарашли “Офтобжон” оромгоҳида соғломлаштирилди.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА