Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болажонлар кўзидаги қувонч ҳеч қачон сўнмасин
09:15 / 2024-02-20

“Ҳеч ким касал бўлмасин. Бу нафақат азоб, балки кўп харажат ҳам талаб қилади. Начора, қисматимизда дард билан курашиш бор экан... Энг ёмони, норасида фарзандимиз оғир хасталик билан дунёга келди. Шукур-ки, меҳрибон халқимиз, давлатимизнинг ғамхўр раҳбари бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймади. Эътибор, кўмак туфайли бугун ўғлим соғайди, тенгдошлари сингари юряпти...”

Бу Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи Дилноза Тўраеванинг сўзлари.  

Гап шундаки Дилноза опанинг 2021 йил туғилган фарзанди Фаррух Зокиров оёқ-қўл псевдоартрозига чалинган. Оёқ суяги яхши ривожланмаган, бир оёғи калталиги боланинг юришига таъсир кўрсатарди. Аввалига юртимиздаги шифо масканларида бир неча бор жарроҳлик амалиёти ўтказилган, бироқ натижа яхши бўлмаган. Бу касалликни Германияда даволаш мумкин. Бироқ катта маблағ керак Сабаби, мураккаб амалиётни босқичма-босқич ўтказиш учун анча вақт ўша давлатда яшаш, тизимли муолажа олиш керак эди.  

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар Фаррухбекдек  бемор болалар саломатлигини тиклашда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Дилноза опа ҳам шу фондга мурожаат қилди. Бир неча кўрикдан сўнг ўғлига хориж йўлланмаси берилди. Фаррух салкам икки йил Германияда даволанди. Бир неча жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Мусофирликда, дард билан ёлғиз курашиш болага осон бўлмади. Ота-она ҳам фарзанди тузалиб кетиши учун узоқ муддат айрилиққа бардош берди.  

– Она ҳар доим, айниқса касал пайти боласи ёнида бўлишни истайди, – дейди Дилноза опа. – Ўғлим ёлғиз ўзи бир йил-у етти ой чет элда даволанди. Айрилиқ она ва фарзанд учун азоб, аммо болам шифо топиши учун ҳаммасига кўндим. Мана, ўғлим соғ-омон бағримга қайтди. Биласиз, шунча вақт хорижда яшаш, муолажа олиш, операция ўтказиш жуда катта маблағ талаб этади. Давлатимиз, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ёрдами билан ўғлим мутлақо бепул даволанди. Бунинг учун ҳар қанча миннатдорлик билдирсам кам.  

Дарҳақиқат, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси бир қатор хорижий давлатлар билан ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Айниқса, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами  доимо эътиборда.  

– Германиянинг “Friedensdorf International” ташкилоти билан ҳамкорликда 2023 йилнинг ноябрь ойида 8 нафар  бемор болалар ГФР клиникаларига юборилди, – дейди жамғарманинг “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” бўлими бошлиғи Жумабек Нуров. – Айни кунда 10 нафар бемор бола даволанишни давом эттиряпти. Шунингдек, мазкур хорижий жамоа маблағи ҳисобидан кўплаб бемор болалар республикамиз клиникаларида ҳам операция йўли билан соғломлаштирилди. Жумладан, юқори лаб ва танглай хасталиги, оёқ ҳамда бўйиндаги ортопедик нуқсон, куйиш асорати мавжуд 123 нафар  ўғил-қиз ва юрак туғма нуқсони бўлган 31 нафар бемор бола жарроҳлик амалиётидан сўнг соғайди. Ўтган йил фонд кўмагида жами 204 нафар бола соғломлаштирилди.  

Ҳақиқатдан ҳам жамғарма кўмагида соғломлаштирилган 200 нафардан зиёд болалар бугун ота-онасига бағрида яшамоқда. Бу шунчаки рақам эмас – шунча оиланинг бахти тўкис, шунча ота-онанинг кўнгли хотиржам бўлди, дегани. Мамлакатимизда болалар саломатлигини тиклаш, келажак авлодни соғлом, баркамол этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида айни шу эзгу мақсад мужассам. Зеро, жондан азиз фарзандларимиз соғлиги ҳамма нарсадан устун. Болажонларимиз кўзидаги қувонч ҳеч қачон сўнмасин.  

Гўзал Сатторова, ЎзА