ФОТОРЕПОРТАЖ
Шу кунларда мамлакатимизда барча гўшаларида байрам шукуҳи ҳукмрон. Шаҳар ва туманларда ўтказилаётган байрам тантаналарида санъаткорлар, Қорбобо ва Қорқиз ҳамда эртак қаҳрамонлари иштирокида концерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар намойиш этилмоқда. Ушбу шодиёналар айниқса, болажонларга ўзгача завқу шавқ бағишлаётир.
Пойтахтимизнинг Сергели тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 600-давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам болажонлар учун “Янги йил саргузаштлари” номли байрам тадбири ташкил этилди. Айни пайтда бу ерда 840 нафар болажон 24 та гуруҳда таълим-тарбия олмоқда.
[gallery-26952]
Муассасада турли маданий тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланган. Айниқса, Янги йил тантанасини болажонлар орзиқиб кутади.
Байрам дастури давомида болажонлар Янги йил ҳақида шеърлар ёд олиб, қўшиқ ва рақслар ижро этди. Қорбобо ва Қорқиз билан эртаклар оламига сайр қилди. Кичкинтойларнинг юзидаги қувонч, кўзларидаги ҳайрат ва ҳаяжон байрамга алоҳида чирой бағишлади.
Тадбир якунида ўғил-қизларга Янги йил совғалари улашилиб, уларнинг қувончига қувонч қўшилди. Бу каби байрам тадбирлари болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириб, уларнинг хотирасида унутилмас лаҳзаларни қолдириши, шубҳасиз.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА