Сурхондарё вилоят судида Термиз давлат университети юридик факультетининг “Бўлажак суд ходимлари” клуби аъзолари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Бўлғуси адолат посбонлари судлар фаолияти, жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ҳақида етарли тасаввурга эга бўлди. Талабаларга вилоят суди судьялари ва масъул ходимлари суд тизимининг тузилиши, судлов фаолиятининг асосий тамойиллари, одил судловни амалга ошириш жараёнлари, судьяларнинг мақоми ва масъулияти, фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ҳамда суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Соҳага сунъий интеллектни жорий этишнинг афзалликлари хусусида фикр алмашди.


Талабалар суд заллари, девонхона, архив ва бошқа хизмат хоналари билан танишиб, суд ишларининг амалда қандай ташкил этилишига гувоҳ бўлди. Бевосита очиқ суд мажлисларида иштирок этиб, суд жараёнидаги процессуал ҳаракатларни кузатди.


Назарий билимларни амалиётда қўллаш учун касбий ривожланиш йўлида ўзига хос тажриба мактаби вазифасини бажарган “Очиқ эшиклар куни”да талабалар суд органларида хизмат қилишда ўз кўникмаларини янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири